Талабалар ҳуқуқий билимларини бойитди
Жамиятда ҳалоллик, қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, коррупция ҳолатлари ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан "Ҳалоллик марафони” акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур акция доирасида партиянинг Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Андижон давлат университетида “Ёшлар катта куч. Уларни тўғри йўлга бошлаш долзарб вазифа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Партия фаоллари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этган тадбирда ёшлар жамиятимизда катта куч, улар жамият, юрт келажагининг бунёдкори эканликлари алоҳида таъкидланди.


Давра суҳбатида сўз олган “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева иштирокчиларга “Ҳалолик марафони” акциясидан кўзланган асосий мақсад, унинг доирасида ўтказилаётган тадбирлар, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада ёшлар, хусусан, талабаларнинг бурч ва вазифалари хусусида гапирди.
Андижон давлат университети “Комплаенс назорат” бўлими бош мутахассиси Иқболжон Мамажонов коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, шунингдек, қонунчиликда ана шу йўналишларда белгиланган тартиб ва нормалар ҳақида маълумотлар берди.
Тадбирда талаба ёшларга ҳалоллик ғоясини сингдириш орқали қонун устуворлигини таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ёшларнинг қонунларга амал қилиши, ҳуқуқий билимларини ошириш, коррупцион ҳолатларга қарши қатъий муносабатини шакллантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар илгари сурилди.

– Қонунларимизни яхши билмаслик жиноят содир этилганда енгиллик бермайди, – дейди Андижон давлат университети хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспектори Мазлума Абдураҳмонова. – Шунинг учун ҳар бир фуқаро, шу жумладан талабалар ҳам қонунларимизни ўрганиб бориши ва унга амал қилишлари зарур. Шу маънода “Адолат” партияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар талабаларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтиришга ёрдам бермоқда.
Талабалар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
“Ҳалоллик марафони” акцияси доирасидаги ушбу тадбир иштирокчилар, талаба ёшларнинг ҳуқуқий билимларини янада бойитди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири