Такомиллаштирилган Миллий ўқув дастури тақдим этилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Республика таълим маркази ва қатор хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида Такомиллаштирилган Миллий ўқув дастурини расман тақдим этишга бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда мазкур лойиҳа доирасида эришилган натижалар ва режалар ҳақида сўз юритилди. Қайд этилишича, Такомиллаштирилган Миллий ўқув дастурида барча ўқувчилар учун аниқ ўқув мақсадлари белгиланган бўлиб, қарийб икки йил давомида 147 нафар миллий ва 30 нафар халқаро мутахассис иштирокида ишлаб чиқилди. Жараён далилларга асосланган ёндашув асосида ташкил этилиб, унинг доирасида 260 дан ортиқ ишчи учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказилди. Илғор халқаро тажриба ва эксперт салоҳиятига таянган ҳолда ташкил этилган мазкур жараённинг муҳим жиҳати шундаки, илк бор барча фанлар бўйича миллий ишчи гуруҳлар халқаро фан экспертлари билан тизимли ва узлуксиз ҳамкорлик қилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, дастурнинг асосий ғояси ўқувчига “нимани ўқитиш”дан ташқари “ўқувчи нимани била олиши ва қила олиши керак?” деган саволга аниқ жавоб бериш. Яъни, ҳар бир фан ва синф бўйича ўқувчи эгаллаши керак бўлган аниқ ўқув мақсадлари белгиланади. Бу эса дарс мазмуни, ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизими бир-бирига боғланишига олиб келади. Миллий ўқув дастури асосида янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ва электрон ресурслар яратиш режалаштирилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА