Ўзбекистонда такомиллаштирилган Миллий ўқув дастури тақдим этилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистонда таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш йўлида муҳим қадам бўлган такомиллаштирилган Миллий ўқув дастурини тақдим этди.
Мазкур дастур Ислом тараққиёт банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи ва Таълим бўйича глобал ҳамкорлик ташкилоти томонидан молиялаштирилаётган SmartED лойиҳаси доирасида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) қўллови ҳамда Cambridge University Press & Assessment билан ҳамкорликда такомиллаштирилди.
Такомиллаштирилган Миллий ўқув дастурида барча ўқувчилар учун аниқ ўқув мақсадлари белгиланиб, улар таълим натижалари юқори бўлган халқаро таълим тизимлари стандартлари билан янада уйғунлаштирилди. Ислоҳотнинг асосий мақсадларидан бири бошланғич, таянч ўрта ва юқори ўрта таълим босқичларида ўқувчиларнинг таълим натижаларини изчил ошириш, шунингдек, халқаро миқёсда тан олинган A Level стандартларига қиёсланадиган натижаларга эришиш учун зарур таълим асосларини шакллантиришдан иборат.
Қарийб икки йил давомида 147 нафар маҳаллий ва 30 нафар халқаро эксперт иштирокида такомиллаштирилган дастур далилларга асосланган кенг кўламли жараён натижасидир. Унда 260 дан ортиқ ишчи учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Жараённинг муҳим жиҳати шундаки, илк бор барча фанлар бўйича миллий ишчи гуруҳлар халқаро фан экспертлари билан тизимли ва узлуксиз ҳамкорлик қилди. Халқаро мутахассислар ҳар ҳафта миллий экспертлар билан биргаликда ишлаб, ўқув дастурларини комплекс равишда такомиллаштиришда бевосита иштирок этди.
[gallery-30941]
Такомиллаштирилган ўқув дастурининг асосини компетенцияга асосланган ёндашув, инклюзивлик ва тенг имкониятларни таъминлаш тамойиллари ташкил этади. Таълимнинг универсал дизайни ёндашуви эса барча ўқувчилар, жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга ҳамда юқори салоҳиятли болалар учун таълим мазмунидан самарали фойдаланиш имконини яратади.
Аниқ белгиланган ўқув мақсадлари ва спирал тамойили асосида ишлаб чиқилган дастур ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини босқичма-босқич ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, у синфлар ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни кучайтиради, фанлараро боғлиқликни таъминлайди ҳамда олинган билимларни реал ҳаётий вазиятларда амалда қўллашга алоҳида эътибор қаратади.
Янги мазмун ўқувчиларда рақамли саводхонлик, иқлим ва яшил таълим, ижтимоий-эмоционал компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган. Бу эса ёшларни келажак ҳаётига тайёрлаш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги устувор мақсадларини амалга оширишга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримовнинг таъкидлашича, таълим мазмунини такомиллаштиришга қаратилган ушбу ислоҳот таълим тизимини кенг кўламда трансформация қилиш жараёнининг муҳим таркибий қисмидир.
Унинг сўзларига кўра, ислоҳот баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқув жараёни сифатини ошириш, дарсликлар ва ўқув-методик материалларни яхшилаш каби йўналишларни ҳам қамраб олади. Такомиллаштирилган ўқув дастурлари самарали дарс жараёнини ташкил этиш, форматив баҳолашни кенг қўллаш, инклюзивлик ва гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, ҳар бир ўқувчидан юқори натижалар кутиладиган таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио таълим ислоҳотини мамлакат ҳукумати раҳбарлигида, маҳаллий экспертлар, ўқитувчилар ва таълим муассасаларини халқаро тажриба билан бирлаштирган умуммиллий жараён сифатида баҳолади.
Унинг таъкидлашича, янги ўқув дастури ислоҳотларнинг турли йўналишлари учун ягона қараш ва умумий йўналишни белгилаб беради. Бу эса таълим соҳасига йўналтирилаётган турли сармоя ва ислоҳотларнинг бир-бирини тўлдириши ҳамда якунда таълим сифатини оширишга хизмат қилишига замин яратади.
Cambridge University Press & Assessment ташкилотининг Таълим ислоҳотлари бўйича раҳбари Стив Кинг эса мазкур ислоҳотнинг кучли жиҳатларидан бири уни ишлаб чиқиш жараёни эканини қайд этди. Унинг айтишича, жараёнга Республика таълим маркази ва фанлар бўйича ишчи гуруҳлар етакчилик қилган бўлса, Кембриж ҳамда ЮНИСЕФ халқаро далиллар, тадқиқотлар ва илғор тажриба билан ўз ҳиссасини қўшган.
Такомиллаштирилган Миллий ўқув дастури тўлиқ амалиётга жорий этилгач, қарийб 7 миллион нафар ўқувчини қамраб олиши кутилмоқда. Дастур ўқувчиларнинг когнитив, ижтимоий ва эмоционал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларни жадал ўзгариб бораётган дунёда мустақил ҳаёт кечиришга ҳамда замонавий меҳнат бозорининг тобора ортиб бораётган талабларига тайёрлашга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ислоҳотнинг якуний самараси нафақат янги дастурнинг қабул қилиниши, балки унинг амалиётга қай даражада самарали жорий этилиши ва мамлакат бўйлаб таълим сифати қанчалик яхшиланиши билан белгиланади.
Н.Усмонова,
С.Ўрмонов (сурат), ЎзА