Аёл қадри улуғланган юртда — истиқлол шукуҳи
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китобхон оналар” лойиҳаси доирасида “Мустақилликнинг 35 йиллик шукуҳи” ҳамда “Аёл қадри улуғланган юрт” мавзуларига бағишланган ижодкор аёлларнинг байрам кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда адиба, ижодкор, фаол ва зиёли хотин-қизлар, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда туман ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари Zoom платформаси орқали онлайн иштирок этди.
Маънавий-маърифий руҳда ўтган тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва муносиб меҳнат қилиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Аёлларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини юксалтириш ҳамда оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Истиқлол — аввало, инсон қадри, унинг орзу-интилишлари ва эркин ҳаётини юксак мақсад сифатида белгилаган буюк неъмат. Бу улуғ даврда ўзининг меҳри, матонати, фидойилиги ва бунёдкорлиги билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимизнинг ўрни беқиёс. Бугун ўз истеъдоди ва салоҳиятини эркин намоён этаётган, илм-фан, маданият, адабиёт, таълим ва турли соҳаларда юксак натижаларга эришаётган хотин-қизлар истиқлолнинг энг муносиб тимсолларидан биридир.

Зеро, аёл бахтли ва қадрли бўлган оилада файз, меҳр ва барака, аёлнинг орзу-умидлари қўллаб-қувватланган жамиятда эса тараққиёт ва юксалиш барқарор бўлади. Шу маънода, истиқлол йилларида хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик юртимизда инсон қадрини улуғлаш, оила ва жамият фаровонлигини таъминлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда ҳарбий соҳа вакиллари ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр билдирди. Бу борада қабул қилинган дастур ва лойиҳалар, белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани, уларнинг ижобий натижалари эса хотин-қизларнинг кундалик ҳаётида, оилавий ва ижтимоий фаолиятида яққол намоён бўлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, китоб мутолааси, маънавият ва маърифатнинг инсон ҳаётидаги ўрни, айниқса, фарзанд тарбиясида китобхон оналарнинг аҳамияти ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Зеро, китобсевар она — маърифатли авлод тарбиясининг мустаҳкам пойдевори.
Ижодкор аёлларнинг самимий мулоқотлари, адабиёт ва санъатга оид фикр-мулоҳазалари тадбирга янада файз бағишлади. Таниқли хонандаларнинг Мустақиллик, Ватан, тинчлик, муҳаббат ва оила мавзулари тараннум этилган дилбар қўшиқлари эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб, байрам кечасига ўзгача шукуҳ бағишлади.

Мазкур тадбир хотин-қизларнинг жамиятдаги муносиб ўрнини эътироф этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, китобхонлик ва маънавий-маърифий қадриятларни кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Бундай маърифий учрашувлар аёллар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлолга шукроналик ва эзгу келажакка ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири