Ўзбекистон иқтисодиёти кутилгандан тезроқ ўсиши мумкин
Мамлакатимизда, электротехника саноатининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди.
Бундай баҳолар Марказий банк томонидан 2026 йил август ойида молия соҳаси экспертлари ўртасида ўтказилган иқтисодий кутилмалар сўрови натижаларида қайд этилди. Унда иқтисодий ўсиш, инфляция, асосий ставка ва иш ҳақи динамикаси бўйича экспертларнинг яқин ва ўрта муддатли прогнозлари ўрганилган.
Молия соҳаси экспертлари 2026 йилда Ўзбекистонда реал ЯИМ ўсиши 6,9 фоизни ташкил этишини кутмоқда. Келгуси йил учун прогноз ҳам бироз яхшиланиб, 6,6 фоизга етди. Номинал иш ҳақи ўсиши эса жорий йилда 13,5 фоиз, 2027 йилда 13,3 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ўзбекистонда инфляция бўйича кутилмалар барқарорлашиб, иқтисодий ўсиш юзасидан экспертлар баҳоси бироз яхшиланмоқда. Бу Марказий банк томонидан 2026 йил август ойида ўтказилган молия соҳаси экспертларининг иқтисодий кутилмалари сўрови натижаларида ҳам ўз аксини топган.
Сўров натижаларига кўра, экспертлар жорий йилда мамлакат иқтисодиётидаги реал ЯИМ ўсиши 6,9 фоиз бўлишини кутмоқда. Бу июль ойидаги прогноз — 6,7 фоиздан юқори. Келгуси йил бўйича ҳам прогноз бироз яхшиланган. Хусусан, 2027 йилда реал ЯИМ ўсиши 6,6 фоиз бўлиши кутилмоқда. Июль ойида мазкур кўрсаткич 6,5 фоиз этиб баҳоланган эди.
Экспертларнинг инфляция бўйича кутилмаларида сезиларли ўзгариш кузатилмаган. Келгуси 12 ой учун инфляция кутилмаси 6,6 фоиз, келгуси уч йил учун эса 5,2 фоиз даражасида сақланиб қолган. Бу кўрсаткичлар Марказий банкнинг 5 фоизлик инфляция мақсадига яқинлашиб бораётганини кўрсатади. Сўровда иштирок этган экспертларнинг 51 фоизи инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига 2027–2028 йилларда эришилишини кутмоқда. Шу билан бирга, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичга 2027 йилда етишига ишонаётган экспертлар улуши ҳам ошган. Агар июль ойида уларнинг улуши 20 фоизни ташкил этган бўлса, августда бу кўрсаткич 24,4 фоизга етган.
Экспертларнинг аксарияти Марказий банкнинг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришини кутмоқда. Бу фикрни сўров иштирокчиларининг 80 фоизи билдирган. Июль ойида эса бундай прогнозни берган экспертлар улуши 76 фоизни ташкил этган. Келгуси 12 ойда асосий ставка ўртача 13,1 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Экспертлар иш ҳақи бўйича прогнозларини ҳам бироз яхшилаган. Жорий йилда номинал иш ҳақи 13,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу июль ойидаги прогноз билан бир хил. Келгуси йил учун эса иш ҳақи ўсиши бўйича прогноз 13,1 фоиздан 13,3 фоизга оширилган. Шундай қилиб, август ойидаги сўров натижалари иқтисодий ўсиш бўйича кутилмалар яхшилангани, инфляция прогнозлари эса нисбатан барқарор шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Экспертлар баҳосидаги ушбу ўзгаришлар иқтисодиётда ўсиш суръатлари сақланиб қолаётгани билан бирга, инфляцияни босқичма-босқич пасайтириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифалари долзарблигича қолаётганини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА