Фрод орқали расмийлаштирилган онлайн кредитлар «умидсиз» актив сифатида таснифланади
Ўз номига фирибгарлик йўли билан онлайн кредит расмийлаштирилган ва жабрланувчи деб эътироф этилган фуқаролар учун янги тартиб белгиланмоқда. Энди бундай кредитлар банк томонидан «умидсиз» актив сифатида таснифланади, 100 фоиз миқдорида захира шакллантирилади ҳамда жабрланувчидан кредит ва у билан боғлиқ тўловларни ундириш тўхтатилади.
Бу тартиб банк активларининг сифатини баҳолаш ва эҳтимолий йўқотишларни қоплашга доир янги қоидаларда белгиланди. Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 10 сентябрда 3937-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган янги Низом Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги 22/3-сон қарори билан тасдиқланган.
Янги Низомга кўра, банк активлари сифатига қараб стандарт, субстандарт, қониқарсиз, шубҳали ва умидсиз тоифаларга ажратилади. Тасниф актив бўйича эҳтимолий йўқотишларни баҳолаш ва уларни қоплаш учун банк томонидан зарур захира шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
«Умидсиз» тоифа энг юқори хавф даражасини англатади. Янги қоидаларда бундай активлар бўйича 100 фоизлик захира шакллантирилиши белгиланган. Энг эътиборли янгиликлардан бири — фрод натижасида номига онлайн кредит расмийлаштирилган шахс жабрланувчи деб расман эътироф этилса, ушбу кредит ҳам «умидсиз» актив сифатида таснифланади. Бунинг учун суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жабрланувчи деб эътироф этиш тўғрисидаги қарори ёки суд ажрими банкка келиб тушиши керак.
Янги тартибнинг энг муҳим жиҳати — жабрланувчи мақоми расмий тасдиқланганидан кейин банк онлайн кредитнинг ўзи ва у билан боғлиқ фоиз, неустойка ҳамда жарималарни ҳисоблашни ва уларни жабрланувчидан ундиришни тўхтатади.
Бундан ташқари, бундай кредитлар балансдан ташқари ҳисобвараққа ўтказилади. Бу ҳолат фуқаронинг номи билан расмийлаштирилган қарз банкнинг оддий муаммоли кредит портфелида аввалги тартибда юритилмаслигини англатади.
Яна бир муҳим жиҳат: фрод ҳолати натижасида номига онлайн кредит расмийлаштирилган ва жабрланувчи деб эътироф этилган шахсга одатда «умидсиз» активлар бўйича юбориладиган ҳар ойлик даъво хати ҳам юборилмайди.
Бу ерда муҳим ҳуқуқий ва иқтисодий фарқ бор. Кредитнинг «умидсиз» актив сифатида таснифланиши фуқаронинг қарзи автоматик равишда кечирилди ёки кредит шартномаси бекор қилинди, дегани эмас. Ушбу тасниф, аввало, банкнинг бухгалтерия ва рискларни бошқариш тизимига тааллуқли. Яъни банк эҳтимолий йўқотишни олдиндан ҳисобга олади ва бунинг учун 100 фоизлик махсус захира шакллантиради.
Низомда фрод ҳолати бўйича муҳим «қайта кўриб чиқиш» механизми ҳам назарда тутилган: агар суриштирув, дастлабки тергов ёки суд натижасида аслида фрод ҳолати юз бермагани аниқланса, кредитнинг сифати Низом талабларига мувофиқ яна яхшироқ тоифага ўзгартирилиши мумкин.
Янги тартиб банклар учун ҳам муҳим молиявий оқибатларга эга. Чунки «умидсиз» деб таснифланган актив бўйича 100 фоиз захира шакллантирилади. Бу эса банк харажатларининг ошиши ва кредит бўйича эҳтимолий йўқотишнинг молиявий натижаларга таъсирини олдиндан ҳисобга олишни англатади.
Янги Низомда захира меъёрлари актив сифатига қараб дифференциация қилинган. Марказий банк талабларига мувофиқ, тижорат банклари юзага келиши мумкин бўлган молиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида активлар сифатига қараб мажбурий захиралар шакллантиради. Хусусан, стандарт активлар бўйича захира меъёри 1 фоизни ташкил этса, субстандарт активлар учун 10 фоиз миқдорида ажратма ажратилади. Қониқарсиз деб топилган активларга 25 фоиз, шубҳали активларга 50 фоиз ва умидсиз (қайтариш эҳтимоли жуда паст) деб баҳоланган активлар бўйича 100 фоиз миқдорида захира захираланади.
Демак, банк учун актив «умидсиз» тоифага ўтиши кредит бўйича эҳтимолий йўқотишни тўлиқ қоплаш учун захира ажратиш мажбуриятини юзага келтиради.
Ушбу ҳужжат 2027 йил 1 январдан кучга киради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА