Тадбиркорлар мурожаатлари жойида ҳал этилмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Бизнес-омбудсман вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам айнан шу мақсадга қаратилди.
Мулоқот давомида Самарқанд шаҳрида фаолият юритиб келаётган “D. R.” МЧЖнинг электр энергияси таъминоти бўйича қилган мурожаати жойида ўрганилди. Мутахассислар томонидан мавжуд қарздорлик ҳолати батафсил таҳлил қилиниб, уни бартараф этиш бўйича амалий чоралар белгиланди. Олиб борилган ишлар натижасида тадбиркорлик субъектининг электр қурилмалари қайта тармоққа уланиб, корхона фаолиятининг тикланишига эришилди.
Шунингдек, автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолиятини бошлаш учун рухсатнома олиш масаласи юзасидан қилинган мурожаат ҳам ижобий ҳал этилди. Мутасаддилар томонидан тадбиркорга тегишли тартиб-таомиллар, талаблар ва зарур ҳужжатлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Умуман олганда, сайёр қабул давомида жами 14 нафар мурожаатчининг масалалари ишчи гуруҳ томонидан тезкорлик билан кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этилган мурожаатлар юзасидан масъул идораларга аниқ вазифалар юклатилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА