Тадбиркорга қўлланилган 10 миллиард сўмдан ортиқ солиқ ва жарималар бекор қилинди
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда барча соҳалар қатори тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бизнес-омбудсманга Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи “И.У.Т.С.” МЧЖ раҳбари Андижон вилояти солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган солиқ аудити натижалари ҳамда тадбиркор зиммасига ноқонуний юклатилган мажбуриятлардан норози бўлиб, мурожаат қилди.
Ўрганишлар давомида Андижон вилояти солиқ бошқармаси мансабдор шахси томонидан тадбиркорлик субекти фаолиятида текширув ўтказишда, хусусан, текширувни “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали ташаббус қилиш ва электрон рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, текширувни ўтказиш жараёнида Солиқ кодекси ҳамда тадбиркорлик фаолиятини текширишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмагани аниқланди.
Натижада тадбиркорга нисбатан 10 миллиард сўмдан ортиқ солиқ ва молиявий жарималар қўлланилган.
Вакил девони ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида мансабдор шахс томонидан текширувларни электрон рўйхатга олиш тартиби ҳамда қонунчилик талабларининг бузилгани тасдиқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан Андижон вилояти солиқ бошқармаси мансабдор шахсига нисбатан МЖтКнинг 241-2-моддаси (тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, солиқ органи мансабдор шахсига 16 миллион 480 минг сўм миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, Андижон туманлараро маъмурий суди томонидан Андижон вилояти солиқ бошқармасининг тадбиркорга нисбатан чиқарган қарори ҳамда 10 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги солиқ ва молиявий жарималар бекор қилинди.
Г.Бобоева,
ЎзА