Тадбиркорга енгиллик беради, назоратчининг эса масъулият ортади
Янги тартиб ташқи савдода ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтиришга хизмат қилади. Бугун тадбиркорликни ривожлантириш фақат молиявий имкониятлар яратиш ёки имтиёзлар бериш билан чекланмайди. Баъзан бизнес тараққиётига энг катта тўсиқ — ортиқча ҳужжатбозлик, такрорий талаблар ва кўп вақт талаб қиладиган маъмурий тартиб-таомиллардир. Шу боис мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркор билан давлат ўртасидаги муносабатларни соддалаштириш, ортиқча талабларни қисқартириш ва ишбилармонлик муҳитини янада қулайлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларида айнан амалиётда учраётган муаммоларни эшитиш, уларга ечим топиш ва бизнес вакилларига кенгроқ имконият яратиш масаласига катта урғу берилмоқда. 2026 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот давомида билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг ҳуқуқий ечими сифатида қабул қилинган янги ҳужжатлар ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.
Хусусан, 2026 йил 27 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ташқи савдо жараёнларида тадбиркорлар учун бир қатор ортиқча талаблар бекор қилинди. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ташқи савдо фаолиятида тадбиркорлар учун муҳим енгилликлар жорий этилди. Жумладан, инвойс асосида импортда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш бўйича чеклов, инвойс асосида экспортда 50 фоиз олдиндан тушум талаби, шунингдек, товарларни миллий валютада экспорт қилишда олдиндан тўлов ёки аккредитив, банк кафолати, суғурта полиси каби кафолат шаклларини талаб қилиш тартиби бекор қилинди. Бу, аввало, ташқи бозорларга чиқиш истагида бўлган тадбиркор учун молиявий ва ташкилий жараёнларни енгиллаштириши, вақтни тежаши ҳамда экспорт-импорт операцияларини тезроқ амалга ошириш имконини бериши билан аҳамиятли. Бироқ эътиборли жиҳати шундаки, енгиллик назоратнинг бутунлай йўқолишини англатмайди. Аксинча, назоратнинг шакли ўзгариб, у янада аниқ ва мақсадли механизмларга йўналтирилмоқда.
Янги тартибдаги муҳим ўзгаришлардан бири озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш билан боғлиқ. Аввал маҳсулот намунаси синов учун етарли бўлмаган ҳолатда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш масаласи тадбиркор учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Энди эса бундай ҳолатда маҳсулот миқдори синов учун етарли эмаслиги тўғрисида хат тақдим этилган ҳолда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш имконияти яратилмоқда. Чунки озиқ-овқат хавфсизлиги — ниҳоятда масъулиятли соҳа. Бу ерда тадбиркорга қулайлик яратиш билан бир қаторда истеъмолчи саломатлигини ҳимоя қилиш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими фитосанитария назорати давлат инспектори Зафар Шариповнинг таъкидлашича, янги тартиб тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулайлик билан бир қаторда масъулиятнинг янги босқичини ҳам англатади.
— Тадбиркорга яратилаётган ҳар қандай енгиллик, аввало, иш жараёнини тезлаштириш, ортиқча вақт ва харажатларни камайтиришга хизмат қилиши керак. Бироқ маҳсулот хавфсизлиги, карантин ва фитосанитария талаблари бундан мустасно эмас. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ жараёнларда ҳужжатларни соддалаштириш назоратнинг мазмуни йўқолишини англатмайди. Аксинча, назорат замонавий, аниқ ва хавфга асосланган ёндашувлар асосида олиб борилиши муҳим, — дейди Шарипов Зафар.
Дарҳақиқат, бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда: тадбиркорга тўсиқ эмас — кўмак; ортиқча талаб эмас — аниқ қоида; самарасиз бюрократия эмас — замонавий назорат.
Фармон билан божхона расмийлаштируви жараёнида айрим маҳсулотларни олиб киришда илгари талаб этилган рухсатнома ва гувоҳномаларни тақдим этиш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди. Хусусан, биологик актив ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш учун рухсатнома, шунингдек, дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани божхона расмийлаштируви вақтида тақдим этиш талаби бекор қилинди. Бунда тегишли рухсатнома ва гувоҳномаларнинг мавжудлиги мажбурий мувофиқликни баҳолаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш жараёнида назорат қилинади. Яъни ҳужжат йўқолиб кетмаяпти — назоратнинг қаерда ва қачон амалга оширилиши ўзгармоқда. Бу эса давлат хизматларини ташкил этишда замонавий ёндашувнинг муҳим кўринишидир.
Тадбиркор учун бир куннинг ўзи ҳам катта аҳамиятга эга. Маҳсулотнинг чегарада туриб қолиши, ортиқча ҳужжат йиғиш, бир идорадан иккинчисига мурожаат қилиш нафақат вақтни, балки маблағни ҳам талаб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, давлат раҳбари томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларда кўтарилган масалаларнинг бевосита амалий қарорларга айлантирилаётгани алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараённинг энг катта натижаси эса фақат ҳужжатлар сонининг камайишида эмас. Муҳими — тадбиркорнинг давлат идораларига сарфлайдиган вақти қисқаради, ташқи савдо жараёнлари тезлашади, бизнес юритиш учун янада қулай муҳит шаклланади.
Бугун мамлакатимизда тадбиркорликка бўлган муносабат тубдан ўзгариб бормоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар оддий учрашув эмас, балки реал муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ҳуқуқий ечимини топишнинг муҳим механизмига айланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири