Тадбиркорга 61,8 миллион сўмлик жарима қўллаган масъуллар жавобгарликка тортилди
Бизнес омбудсман тадбиркорлар фаолиятидаги ноқонуний текширувлар, асоссиз аралашувларнинг олдини олиш бўйича муайян ишларни амалга оширмоқда. Шунга кўра, мазкур ташкилотга мурожаат қилувчи тадбиркорлар сони ортиб бормоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор К.Х. ўзига нисбатан қўлланилган 61,8 млн. сўм миқдоридаги жаримадан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Давлат архитектура назорати департаменти ва Бухоро вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масъуллари томонидан тадбиркор фаолиятида текширув ўтказилган. Бизнес-омбудсман ходимларининг ўрганишлари шуни кўрсатдики, ушбу текширув «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинмасдан, қонунга хилоф равишда амалга оширилган.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлар электрон тизимда рўйхатга олиниши шарт. Электрон тизимда рўйхатга олинмай ўтказилган ҳар қандай текширув ноқонуний ҳисобланади.
Бундан ташқари, маъмурий иш ҳужжатларини расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёнида МЖтКнинг 281 ва 294-моддалари талаблари бузилиб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари поймол этилган.
Тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний текширув ўтказгани ва белгиланган тартибни бузгани учун департамент масъул ходимларига нисбатан Бизнес-омбудсман томонидан МЖтКнинг 241-2-моддаси билан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Бизнес-омбудсман томонидан киритилган хулоса ҳамда суднинг холис ва адолатли ёндашуви натижасида Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди томонидан тадбиркорга нисбатан 61,8 млн. сўм жарима қўллаш ҳақидаги қарор бекор қилинди ва маъмурий иш тугатилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА