Тадбиркор мурожаати амалий ечим топди
Бухоро вилояти божхона бошқармасида тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш орқали ишбилармонлик муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини идорама-идора сарсон бўлмасдан, жойида ҳал этиш бўйича илгари сурилаётган ташаббуслар давлат органлари фаолиятида ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда. Бунда асосий эътибор тадбиркорга тўсиқ бўлиш эмас, балки унинг қонуний фаолиятини енгиллаштириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишига кўмаклашишга қаратилган.
Бухоро вилояти божхона бошқармасида ўтказилган навбатдаги мулоқотда “KAMALAK SHABNAM TEKS” масъулияти чекланган жамиятининг импорт-экспорт фаолиятини ташкил этиш ва божхона тартиб-таомиллари билан боғлиқ мурожаати ўрганилиб, корхона вакилларига амалий ёрдам кўрсатилди. Мулоқот бошқарма бошлиғи Б. Муратов раҳбарлигида ташкил этилди.
Мурожаатда корхона вакиллари Германиянинг нуфузли “Curt Bauer GmbH” компанияси билан 17 миллион евро қийматидаги шартнома доирасида брендни Ўзбекистонга релокация қилиш жараёнида юзага келаётган масалаларга эътибор қаратишди. Хусусан, катта ҳажмдаги ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилиш ва уларни мамлакатимиз ҳудудида божхона ҳудудида қайта ишлаш режими асосида расмийлаштириш бўйича тушунтириш ва амалий кўмак сўралди.


Масъуллар томонидан тадбиркорларга “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими, ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш имкониятлари, ташқи савдо шартномаларини расмийлаштириш ҳамда божхона тўловларига оид талаблар батафсил тушунтирилди. Шунингдек, корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва ташқи иқтисодий фаолиятидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликда белгиланган имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Мазкур ҳамкорликнинг иқтисодий аҳамияти ҳам салмоқли. Корхона жорий йилда 4,5 миллион долларлик 1 минг 600 тонна товар импорт қилган. Шу билан бирга, 2,65 миллион доллар қийматидаги 855 тонна тўқимачилик матолари ва сочиқлар экспортга йўналтирилган. Бу рақамлар корхонанинг ташқи савдо фаолиятидаги иштирокини кўрсатиш билан бирга, божхона тартиб-таомилларини тўғри ва самарали ташкил этиш ишлаб чиқариш ҳамда экспорт натижалари учун қанчалик муҳимлигини ҳам англатади. Айниқса, хорижий брендни маҳаллий ишлаб чиқаришга жалб этиш, ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш жараёнида божхона қонунчилигидаги имкониятлардан тўғри фойдаланиш тадбиркор учун муҳим омил ҳисобланади.
Бошқармада мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида жами 108 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 22 таси ёзма, 56 таси электрон, 30 таси оғзаки шаклда билдирилган. Мурожаатчиларнинг 55 нафари жисмоний шахслар, 53 нафари юридик шахслардир.
Ҳисобот даврида 107 та мурожаат кўриб чиқилиб, 75 таси бўйича амалий чоралар кўрилган, 26 таси юзасидан тушунтириш берилган, 6 таси эса тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган. Айни пайтда бир мурожаатни ўрганиш давом этмоқда.


Эътиборлиси, келиб тушган мурожаатларнинг 56 таси электрон шаклда бўлгани тадбиркорлар ва фуқаролар давлат органлари билан масофадан туриб мулоқот қилиш имкониятларидан ҳам фаол фойдаланаётганини кўрсатади. Бу эса мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш, уларнинг мазмунини чуқур ўрганиш ва ҳар бир масалага манзилли ёндашиш заруратини янада оширади.
Зеро, тадбиркор учун ўз вақтида берилган ҳуқуқий маслаҳат, божхона расмийлаштирувидаги аниқ тушунтириш ёки қонуний ечим ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бундай ёндашув нафақат алоҳида корхона фаолиятига, балки ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги, экспорт салоҳияти ва янги иш ўринлари яратилишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Бухоро вилояти божхона бошқармасида мурожаатлар билан ишлашда асосий эътибор уларни шунчаки кўриб чиқиш билан чекланмасдан, тадбиркор ва фуқароларнинг муаммоларини қонунчилик доирасида ҳал этиш, ишончли мулоқотни йўлга қўйиш ва амалий натижага эришишга қаратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири