Самарқандда 81 мингдан ортиқ оилага бир миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилди
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 октябрдаги фармони билан иситиш мавсуми учун эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ва компенсациялар қамрови кенгайтирилди.
– Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг шаклланишида босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиш даврида аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026-2027 йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ноябрь ойида 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси шуъба мудири Аббос Саъдуллаев. – Жумладан, вилоятимизда ижтимоий реестрга киритилган 53 минг 700 дан ортиқ оила, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестридаги 2200 нафардан кўпроқ фуқаролар, шунингдек, 640 нафарга яқин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ушбу ёрдамдан баҳраманд бўлди. Бундан ташқари, шу йил 15 ноябрга қадар “маҳалла еттилиги” томонидан ҳар бир маҳалла кесимида оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилалар, марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига мувофиқ ўртача ойлик даромади паст бўлган эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, яна 24 мингдан ортиқ шундай тоифадаги оилаларга ҳам бир марталик моддий ёрдам тайинланди. Умуман, шу кунгача 1 миллион сўмдан моддий ёрдам оладиган 81 минг 646 оиланинг 70 мингдан ортиғи ижтимоий ёки банк картасига ушбу моддий ёрдам пули ўтказилди. Қолган оилалар ва фуқароларга ҳам ноябрь ойи якунига қадар белгиланган суммадаги пул берилиши таъминланади.

Фармонга кўра, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қамровини кенгайтириш мақсадида оиладаги жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича компенсация тайинлашда – минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробаригача, кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам ажратишда – минимал истеъмол харажатларининг 1 баробаридан 2 баробаригача, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан коммунал харажатларни қоплаш ёки коммунал тўловлар бўйича мавжуд қарздорликни бартараф этишда ҳамда кўмир ёки бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш харажатларини қоплашда – минимал истеъмол харажатларининг 1 баробаридан 2 баробаригача оширилди.
Эътиборлиси, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёр доирасидаги тарифлар билан базавий меъёрдан ортиқ истеъмол учун белгиланган тарифлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш муддати 2028 йил 1 апрелга қадар, кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам тўлаш муддати эса 2029 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Бундан ташқари, вилоят бўйича 57 мингдан ортиқ истеъмолчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан табиий газ билан таъминланмаган ҳамда табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда яшовчи истеъмолчилар учун иситиш мавсумида электр энергияси истеъмолининг базавий меъёри 200 кВт соатдан 350 кВт соатгача оширилиши имкониятидан фойдаланадиган бўлди.
– Давлатимизнинг куз-қиш мавсумида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга бўлган эътиборидан баҳраманд бўлиб турибмиз, – дейди Самарқанд тумани Гулобод маҳалласида яшовчи Тўти Хожимаметова. – Мавсум давомида электр энергияси харажатлари учун компенсация оляпмиз, суюлтирилган газ ва кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан тўланмоқда. Яқинда 1 миллион сўм моддий ёрдам ҳам олдик. Шу йил апрель ойида субсидия асосида хонадонимизга 5 кВт қувватли қуёш панели бепул ўрнатиб берилди. Бундай эътибордан хурсандмиз.
Куз-қиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига кўрсатилаётган бундай манзилли кўмак оилаларнинг энергия харажатларини енгиллаштириш ва муносиб турмуш шароитини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири