Табиий газ истеъмолидаги қоидабузарлик истеъмолчиларга қимматга тушади
Самарқанд вилояти прокуратураси органлари томонидан истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергияси ресурсларидан ноқонуний фойдаланишини фош этишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Иштихон туманида ўтказилган шундай назорат тадбирлари давомида Халқобод маҳалласида яшовчи фуқаро З.Т. яшаш уйи ҳаммомида табиий газдан тижорат мақсадида ноқонуний фойдаланиб келганлиги ва таъминотчи корхона манфаатларига 246,2 миллион сўм зарар етказганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Юртимизда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда автоматлаштирилган тизимлар жорий этилиб, истеъмолчиларга замонавий, масофадан бошқариладиган “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилиши мазкур соҳалардаги кўплаб муаммоларга ечим бўлди. Тармоққа ноқонуний уланиш, нореал қарздорликлар ва турли хил йўқотишлар кескин камайди.
Аммо ҳали-ҳануз айрим истеъмолчиларнинг амалдаги тартиблар ва қонунга зид ҳаракатлари туфайли таъминотчи корхоналар манфаатларига зарар етмоқда. Энг ёмони, бу бошқа истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 360 минг аҳоли ва 8200 та юридик истеъмолчиларга табиий газ етказиб берилмоқда. Жорий йилнинг биринчи январь ҳолатида ушбу истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ учун дебитор қарздорлик 70 миллиард 215 миллион (аҳолида – 45,7 миллиард, юридик истеъмолчиларда – 24,5 миллиард) сўмни ташкил этган.
– Қарздорликни бартараф этиш юзасидан олиб борилган профилактик ишлар ва кўрилган таъсир чоралари натижасида йилнинг биринчи ярми якунида қарздорлик 15 миллиард 427 миллион сўмга камайди, – дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали раҳбарининг тижорий масалалар бўйича ўринбосари Ғиёсиддин Шамсиев. – Айни пайтда аҳоли истеъмолчиларида 36 миллиард 142 миллион сўм, юридик истеъмолчиларда 18 миллиард 645 миллион сўм қарздорлик сақланиб қолмоқда. Энг кўп қарздорлик Самарқанд шаҳри, Пастдарғом тумани, Каттақўрғон шаҳри, Пайариқ ва Каттақўрғон туманларига тўғри келмоқда. Қарздорликни бартараф этишда асосан суд орқали ундириш ва қарздор истеъмолчиларни тармоқдан узиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 6701 нафар аҳоли истеъмолчилардан 30 миллиард сўм қарзларни ундириш учун фуқаролик судларига, 151 та улгуржи, яъни юридик истеъмолчилардан 10 миллиард сўмдан ортиқ қарзлар бўйича иқтисодий судларга мурожаат қилдик. Албатта, бу чоралар натижасида дебитор қарздорликни камайтиришга эришяпмиз. Суд қарорлари асосида истеъмолчилар қарзларини тўламоқда. Аммо мажбурий ижро органлари томонидан ижрога қаратилган суд ҳужжатлари ҳам кам эмас. Жорий йил 1 август ҳолатида, вилоятимиз МИБ идоралари юритувида 6 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ қарзларни ундиришга оид 1782 та ижро ҳужжатлари мавжуд. Бунда ҳам Самарқанд шаҳри, Пайариқ ва Пастдарғом туманларига тегишли ижро ҳужжатлари бошқа ҳудудларга нисбатан кўп бўлиб турибди.
Филиал масъулининг қайд этишича, бугунги кунда вилоятдаги барча табиий газ истеъмолчилари ASKUG (газ истеъмолини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш ва назорат қилиш) тизимига уланган ва масофадан бошқариладиган онлайн ҳисоблагичлар ўрнатилган. Лекин айрим ҳисоблагичларнинг масофадан ўчириб-ёқиш клапани ишламай қолиши ёки маълумотларни узатишдаги узилишлар учрамоқда. Бундай ҳолатларда ҳам қарздорлик юзага келмоқда ва бу соҳа мутахассисларининг кўмаги билан истеъмолчилар томонидан бартараф этилмоқда. Аммо тармоққа ноқонуний уланиш, ҳисоблагич тамғасини бузиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биргина шу йилнинг июль ойида 480 дан ортиқ ҳолатда аҳоли томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани ва турли хил қоидабузарликлар содир этилгани қайд этилиб, бунинг оқибатида 3 миллиард 800 миллион сўм зарар етказилгани аниқланди. Юридик истеъмолчилар томонидан эса йил бошидан буён 120 дан ортиқ қонунга зид ҳолатларга йўл қўйилгани кузатилди. Мазкур ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири