Табиат билан уйғун агроўрмончилик – барқарор келажак кафолати
Республика Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти давлат муассасаси томонидан Наманган шаҳридаги “Ойдин плаза” меҳмонхонаси анжуманлар залида экологик таснифлаш ишлари ва замонавий ёндашувларга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Президентимизнинг 2024 йил 27 мартдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда ўрмон хўжалиги мутахассислари, вилоят ва туман ҳокимликлари, прокуратура органлари, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси масъул мутасаддилари, “Ўрмон хўжалиги” илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари, лойиҳа экспертлари ҳамда соҳа вакиллари қатнашдилар.
Тадбирда ўрмон ҳудудларида ўтказилган таснифлаш натижалари: ўрмон хўжаликларида инновациялар ва замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича амалий тавсиялар хусусида сўз юритилди. Ўрмон фонди ерларини экологик таснифлаш натижалари, хўжаликларда барқарор бошқарув тизимини жорий этиш, деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш, сувни тежаш технологияларини қўллаш, агроўрмончилик тадбирларини ривожлантириш, яйловларни қайта тиклаш, биохилма-хилликни сақлаш ва муҳофаза қилиш каби долзарб масалалар муҳокама марказида бўлди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Наманган вилоятида жойлашган Наманган, Косонсой ва Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари, “Ўртаорол” давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Поп МТБ ҳудудларида ўрмон фонди ерларининг экологик ҳолатини ўрганиш, деградацияга учраган майдонларни тиклаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоят бўйича 27 минг 610 гектар майдон экологик таснифдан ўтказилди. Шунингдек, ўрмонзорларнинг табиий тикланишига кўмаклашиш бўйича 18 минг 300 гектар майдон, яйловларни қайта тиклаш бўйича 5 минг 500 гектар майдон, сувни тежаш ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш тадбирлари доирасида 1 минг 200 гектардан зиёд ҳудуд қамраб олинди.
Қолаверса, агроўрмончиликни ривожлантириш, саноатбоп ўрмонлар ташкил қилиш ҳамда доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг қайд қилишича, экологик таснифлаш ишлари ўрмон фонди ерларининг реал ҳолатини баҳолаш, ҳудудларнинг экологик салоҳиятини аниқлаш ҳамда келгусидаги бошқарув режаларини илмий асосда шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Бу, ўз навбатида, Наманган вилоятида яшил ҳудудларни кенгайтириш, чўлланиш ва деградация жараёнларини камайтириш ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти давлат муассасаси директори ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг айтишича, республика бўйлаб ўтказилаётган бундай семинарлар ўрмон хўжаликларидаги экологик таснифлаш натижаларини жойларда тушунтириш ва амалиётга жорий этиш, ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, табиий тикланишни қўллаб-қувватлаш, агроўрмончиликни ривожлантириш, сувни тежаш ҳамда тупроқ эрозиясининг олдини олиш борасида амалий кўникмаларни ошириш, ҳудудий хўжаликлар мутахассислари салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ягона ёндашувларни шакллантиришда яхши самара бериши шубҳасиз.
[gallery-29592]
Анжуман давомида хорижда малака ошириб қайтган соҳа мутахассислари томонидан агроўрмончиликни ривожлантириш, хусусан ўрмонзорларнинг табиий тикланишига кўмаклашиш, яйловларни бирламчи баҳолаш, дала ишларини ташкиллаштиришда замонавий ёндашувлар, саноатбоп ўрмонзорлар барпо қилиш, доривор плантацияларни ташкил этиш, ўрмон фонди ерларида сувни тежаш борасида АҚШ, Ҳиндистон, Италия, Испания, Франция,Хитой мамлакатлари тажрибалари ҳамда уларни юртимизда татбиқ этишнинг фойдали жиҳатлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА