Душанбеда қутлуғ анжуман
Адабиёт – дилларни бир-бирига боғлайдиган буюк маънавий ришта. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бергани китобхонлик ва миллий сўз санъати равнақида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.
Зеро, Ўзбекистонда китобхонлик ва мутолаа маданиятини ривожлантириш, миллий адабиётимизни жаҳон миқёсида тарғиб этиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ушбу хайрли ислоҳотлар самараси ўлароқ, хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва қардош халқлар билан адабий алоқаларни кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ана шундай эзгу ташаббусларнинг узвий давоми сифатида Душанбе шаҳрида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” лойиҳаси доирасида яна бир юксак савиядаги нуфузли маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди.
Унда “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида нашр этилган, икки халқ маданий ҳаётида муҳим воқелик бўлган “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси” китобининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир нафақат янги китоб тақдимоти, балки икки қардош халқ – ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлиги, муштарак маданияти ва адабий ҳамжиҳатлигини улуғлаган қутлуғ байрамга айланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир Салим Ашур, Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Гуландом Субҳонова, “Ватандошлар” жамоат фонди масъул ходими Яҳёхон Фаёз иштирок этди.
Шунингдек, мезбон томондан Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раисининг ўринбосари Муҳаммадуллоҳ Табарий, Тожикистон халқ шоири Бахтиёр Муртазо, Тожикистон халқ артисти Мастона Эргашева, таниқли адиб Ўринбой Усмонов ҳамда икки мамлакатнинг кўплаб шоир, ёзувчи, олим ва зиёлилари қатнашгани анжуманнинг нуфузидан далолат беради.

Сўзга чиққанлар мазкур антологиянинг мазмун-моҳияти, айниқса, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг олиб бораётган оқилона, очиқ ва дўстона сиёсатларига тўла мос эканини алоҳида эътироф этди.
Ишончимиз комилки, мазкур антология келгусида икки мамлакат адабий муҳити ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада кенгайтириш, халқлар ўртасидаги маънавий бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА