Суюлтирилган газ таъминоти қандай кетмоқда?
Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг 61 фоизи суюлтирилган газдан фойдаланишини инобатга олсак, мазкур йўналишда мутасаддилар зиммасига катта масъулият юкланади. Бу эса аҳолини узлуксиз таъминлаш мақсадида ишларни самарали ташкил этиш ва назоратни янада кучайтиришни тақозо этади.
Кунлар исиган айни жазирама кунларида аҳолининг табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжларини қондириш долзарб вазифалардан биридир.

Жорий йилнинг январь ойидан ҳозирги вақтга қадар "Уйчи газ тўлдириш шохобчаси" орқали Наманган шаҳри, Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларидаги жами 156 минг 687 нафар истеъмолчига 16 763,1 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Қайд этиш жоизки, ушбу газ етказиш иншоотининг бир ойлик қуввати 3 минг 536 тоннани ташкил этади. Қолаверса, шохобчанинг маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш ва таъмирлаш цехи орқали истеъмолчиларга хавфсиз суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида 2026 йилнинг ўтган даврида 13 минг 290 тадан зиёд маиший газ баллонлари синовдан ўтказилиб, таъмирланди.

"Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ таъминоти бўйича ўринбосари Муроджон Хўжаевнинг маълум қилишича, Уйчи туманида жойлашган газ тўлдириш иншоотида электр энергияси харажатини қисқартириш самарадорлигини ошириш ҳамда филиалнинг иқтисодий рентабеллигини таъминлаш мақсадида 15 кВт қувватдаги қуёш панеллари, қуёш нури орқали қувватланувчи ёритиш лампалари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири