Жамоат хавфсизлиги йўлидаги матонат муносиб эътироф этилди
Тошкент шаҳрида фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдирган ҳолатнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбирда фаоллик ва жасорат кўрсатган ички ишлар органлари ходимлари тақдирланди.
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходими, майор Шуҳратжон Норқулов ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари — подполковник Фаррух Мирзаев ва майор Бекзод Қирғизбоев “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари катта лейтенант Шерали Сайдаҳматов ва катта сержант Анвар Абдуллаевга Ички ишлар вазирлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Мукофотларни топшириш маросимида сўзга чиққан мутасаддилар мазкур ходимларнинг хизмат вазифасини сидқидилдан бажаргани, юксак касбий тайёргарлик ва фидойилик намуналарини кўрсатганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, бу каби эътирофлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва фуқаролар осойишталигини муҳофаза қилиш йўлида хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА