Хирмонга барака кирсин
Ёзёвон Марказий Фарғонанинг бу борадаги пойтахтими? Чўллар юксак ҳосил бераётган, замонавий технологиялар экинларни янада сермаҳсул қилаётган бу ҳудуднинг сири нимада?
Ёзёвонни рамзий маънода Марказий Фарғонанинг пойтахти деб атамоқдалар. Бунинг асосли сабаблари бор. Уларнинг бири чўл-барханлар оралиғида юқори оқсилли экин майдонларини ярата олдилар. Бунинг учун илғор технология – томчилатиб суғориш ва ёмғирлатиб суғориш усулларини кенг қўллашяпти.
Масалан, “Раҳимжон” фермер хўжалигини олайлик. 75 гектар, шундан 34 гектарида дон етиштирмоқда. Нав танлади, ёмғирлатиб суғорди, баргдан озиқлантирди. Натижада 2025 йилда ҳар гектар майдондан ўртача 90 центнердан ҳосил олди.

– Бу йил Аср навини экдик. Ҳар гектардан 95 центнер ҳосил йиғиб оляпмиз, – дейди “Рахимжон” фермер хўжалиги раҳбари Раҳматжон Маҳмудов. – 500 килограммдан фосфорли ва азотли ҳамда 300 килограммдан калийли ўғитлар солдик. Бундан ташқари биостимулятордан ҳам фойдаландик. Ҳосилдорлик яхши, ўртача 100 центнерга етказамиз.
Ғалла майдони денгиз каби тўлқинланади. Бошоқлардан қайроқи дон бош чиқариб мўралаб турибди. Аслида бунақа майдон Ёзёвонда 6,5 минг гектарни ташкил этади. Кўз тегмасин, ҳаммаси бирдек.

– 6,5 минг гектардан 65 минг тонна дон ишлаб чиқаришни режалаштирдик, – дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Давлат Мирзакаримов. – Шундан 22 минг тонна давлат харидлари ва қолганини биржа савдолари орқали сотиш, сотиб олиш режалаштирилган. Дон пишиб етилган ҳар бир майдонда ўриш ва йиғиб олиш уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Ҳозир Ёзёвон буғдойзорларида 20 та отряд фаолият кўрсатяпти. Уларга 20 та замонавий ўрим комбайнлари бириктирилган. Бу йил яна бир янгилик қилдилар. Туманда “ягона ташувчи” тизими жорий қилинди. Бир кунда ўриб, ташиб, ер ҳайдаляпти. Келгуси куни бу жойга такрорий экин экилганини кўрасиз.

– Вилоятда ғалла ўримидан бўшайдиган 6,5 минг гектар майдонда такрорий экинлар етиштириш режалаштирилган. Экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадида 2,8 минг гектарга мош, 340 гектарга картошка, қолган майдонларга озуқа экинлари экилади. Ҳозирда ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экиш ишлари изчил давом этмоқда, – деди Давлат Мирзакаримов.
Бундай кунларда барчанинг тилида бир гап: юрт хирмонига барака кирсин!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ce0KEhurgck?si=hcgxPhfff_lubPPl" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА