Сув йўли обод бўлса, ризқ йўли очилади
Қишлоқ ҳаётида сув — оддий неъмат эмас. У деҳқоннинг умиди, даланинг баракаси, хонадонларнинг фаровонлиги ва ҳудуд тараққиётининг муҳим омилидир. Шу боис суғориш тармоқларини яхшилаш, сувдан самарали ва тежамкор фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бугунги кунда қишлоқларни ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб шароит яратиш, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва инсонлар фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бухоро вилояти Пешку туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 2026 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2026 йилда ишга тушириладиган драйвер лойиҳаларнинг манзилли дастури асосида Пешку туманида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” лойиҳаси доирасида қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш, суғориш тармоқларини тартибга келтириш, ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилган.
“Қучоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг Манғитлар қишлоғида “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида Тарнав ариғининг 1730 метр қисми бетонлаштирилиб, ишлар тўлиқ якунланди.

Бу эса нафақат сувнинг йўқотилишини камайтириш, балки қишлоқ хўжалиги ерларини кафолатли ва самарали суғориш, аҳоли даромадларини ошириш учун муҳим имконият яратади.
“Қорақалпоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг Маҳаллагижжа ва Арбобхожи қишлоқларида ҳам суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Маҳаллагижжа қишлоғида режалаштирилган 120 метр ариқ бетонлаштирилиб, ишлар тўлиқ якунланди. Натижада ҳудудда сув таъминоти қайта тикланди.
Арбобхожи қишлоғида эса режалаштирилган 1,9 километр ариқнинг 1,2 километрида ишлар амалга оширилди. Қолган қисмидаги ишлар ҳам жадал давом эттирилмоқда.
Бу каби лойиҳаларнинг аҳамиятини биргина рақам билан ўлчаб бўлмайди. Чунки бетонланган ҳар бир метр ариқ ортида сувнинг тежалиши, далаларнинг ўз вақтида суғорилиши, ҳосилдорликнинг ошиши ва энг муҳими, деҳқоннинг меҳнати самарадорлиги турибди.

Пешку туманидаги ишлар фақат битта лойиҳа билан чекланиб қолаётгани йўқ. “Оғир туманлар дастури” доирасида “Хўлбор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Хўлбор-2 каналини бетонлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Режалаштирилган 4,2 километр каналнинг ҳозирга қадар 1,4 километрида ишлар бажарилди. Лойиҳани “Buxara Star Build” МЧЖ амалга оширмоқда. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 3,2 миллиард сўмни ташкил этади.
Каналларни бетонлаштириш орқали сувнинг сизиб кетиши ва ортиқча йўқотилишининг олди олинади. Бу эса чекланган сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш, мавжуд сувни кўпроқ майдонга етказиш имконини беради. Туркистон, Шавгон, Ш. Эргашев ва Ибн Сино ҳудудларида ҳам ариқларни бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Туркистон ҳудудида режалаштирилган 1,2 километрлик ишлар тўлиқ якунланган. Шавгон каналининг 1,4 километри, Ш. Эргашев каналининг 1,5 километрида бетонлаштириш ишлари бажарилди. Зарафшон ҳамда Тошгузар-2 суғориш тармоқларидаги ишлар эса давом эттирилмоқда. Бу жараёнларнинг барчаси бир мақсадга — сувни далаларга самарали етказиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини барқарорлаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
“Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар эса ҳудуднинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки ижтимоий ва хизмат кўрсатиш салоҳиятини оширишга қаратилган. Бу ерда “Эко боғ” истироҳат боғи ҳамда йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилган. Шу мақсадда Боғимусо каналидан сув олувчи ариқларни бетонлаштириш ишлари якунига етказилди.
Демак, бу ерда сув тармоқларининг яхшиланиши бир вақтнинг ўзида ҳудудни ободонлаштириш, аҳоли дам олиши учун қулай муҳит яратиш, янги хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш учун замин бўлади.
“Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи Офандар ариғининг 3,3 километр қисмини бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар унинг 2,7 километрида ишлар бажарилди. Айни пайтда қолган ишлар ҳам жадал ва сифатли давом эттирилмоқда.
Қурилиш ва бетонлаштириш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида “Бухоросувқурилиш инвест” ҳамда Пешку туман сув етказиб бериш ходимлари бириктирилган. Бу эса амалга оширилаётган ишларга оддий қурилиш жараёни сифатида эмас, балки келгуси йилларда ҳам хизмат қиладиган муҳим инфратузилма сифатида ёндашилаётганини кўрсатади.
Пешку туманида амалга оширилаётган ушбу лойиҳаларнинг ҳар бири ортида катта мақсад бор. Бу — маҳаллани обод қилиш, сувни тежаш, ердан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва одамларнинг даромадини ошириш. Энг муҳими, бу ишлар қоғоздаги режалар бўлиб қолмаяпти. Улар маҳаллалар, қишлоқлар ва далалар қиёфасида ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Бир томонда бетонланган ариқлар орқали сув йўқотилиши камаймоқда, иккинчи томонда далаларга ҳаёт кириб бормоқда. Бир ҳудудда сув таъминоти тикланса, бошқасида янги истироҳат маскани ва хизмат кўрсатиш объектлари учун замин яратилмоқда. Бу — “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” ғоясининг мазмун-моҳиятини амалда намоён этаётган манзара. Зеро, тараққиёт баъзан улкан бинолар ёки баланд иншоотлар билан эмас, балки оддий ариқда сувнинг тўхтовсиз оқиши, деҳқоннинг даласига сув етиб бориши, маҳаллада янги иш ўрни пайдо бўлиши ва одамларнинг эртанги кунга ишончи ортиши билан ўлчанади.
Пешкуда бугун бетонланаётган ҳар бир ариқ — эртанги ҳосил, ҳар бир тикланаётган сув тармоғи эса — янги имконият демакдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири