Қайси олийгоҳ битирувчилари энг юқори маош оляпти?
Олий таълим муассасасини тамомлаган битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижадорлиги уларнинг даромади орқали ҳам баҳоланмоқда.
Янги маълумотларга кўра, айрим олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ўртача расмий ойлик даромади республикадаги ўртача кўрсаткичдан бир неча баробар юқори.
«Битирувчилар сифати индекси» натижаларини акс эттирувчи махсус платформа — bsi.nqaae.uz маълумотларига кўра, 2025 йил июль ойидан 2026 йил июнь ойигача бўлган даврда битирувчиларнинг республика бўйича ўртача расмий ойлик даромади 4,9 миллион сўмни ташкил этган.
Таълим йўналишлари кесимида битирувчиларнинг ўртача даромади ижод (спорт) йўналишларида 6,33 миллион сўм, амалий фанларда 5,5 миллион сўм, ижтимоий-гуманитар фанларда 4,61 миллион сўм ҳамда тиббиёт фанларида 4,43 миллион сўмни ташкил этган.
Битирувчиларининг ўртача расмий даромади энг юқори бўлган таълим ташкилотлари рейтингида Тошкент шаҳридаги «С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиали биринчи ўринни эгаллаган. Ушбу муассаса битирувчиларининг ўртача ойлик даромади 23,4 миллион сўмни ташкил этган.
Битирувчиларининг ўртача даромади юқори бўлган таълим ташкилотлари орасида Инҳа университети 12,6 миллион сўмлик кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллаган. Тошкент халқаро Вестминстер университети битирувчиларининг ўртача даромади 12,5 миллион сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчилари ўртача 10,6 миллион сўм, Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчилари 10,3 миллион сўм, Тошкент ахборот технологиялари университети битирувчилари 9,4 миллион сўм, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти битирувчилари эса 9,3 миллион сўм миқдорида расмий ойлик даромад олган.
Индексни ҳисоблашда битирувчиларнинг расмий қайд этилган даромадлари инобатга олинади. Бунда битирувчининг даромади у истиқомат қилаётган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан солиштирилади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА