Қайси олийгоҳ битирувчилари энг кўп маош оляпти?
Ўтган 2025 йилнинг июль ва 2026 июнь ҳолатига кўра, битирувчиларнинг республика миқёсидаги ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн. сўмни ташкил этган.
Пойтахтда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан “Битирувчилар сифати индекси” натижаларига бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, олийгоҳлар ўртасида талабаларнинг ишга жойлашиш тезлиги, бандлик барқарорлиги, даромад даражаси ва бандлик шакли борасида таҳлил олиб борилган ва таҳлил доирасида 170 та олий таълим ташкилотининг 249 432 нафар битирувчисининг меҳнат бозоридаги натижалари ўрганилган.
Қайд этилишича, таълим йўналишлари кесимида ўртача даромад:
Ижод (спорт) йўналишлари — 6,33 млн. сўм;
Амалий фанлар — 5,5 млн. сўм
Ижтимоий-гуманитар фанлар — 4,61 млн. сўм;
Тиббиёт фанлари — 4,43 млн. сўмни ташкил этган.
Битирувчиларнинг ўртача даромади энг юқори бўлган таълим ташкилотлари орасида:
Тошкент шаҳридаги “С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали — 23,4 млн. сўм.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети — 12,6 млн. сўм
Тошкент халқаро Вестминстер университети — 12,5 млн. сўм
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети — 10,6 млн. сўм
Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 10,3 млн. сўм
Тошкент ахборот технологиялари университети — 9,4 млн. сўм
Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти. — 9,3 млн. сўм
Г.В. Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали — 9,0 млн. сўм
Тошкент давлат юридик университети — 8,4 млн. сўм
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети — 8,1 млн. сўмдан иборат.
Бунда расмий қайд этилган даромадлар назарда тутилади. Индексни ҳисоблашда битирувчининг даромади у истиқомат қилаётган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан солиштирилади.
“Битирувчилар сифати индекси” бўйича битирувчилар сони энг кўп бўлган Тошкент шаҳрида индекснинг ўртача қиймати 60 баллни ташкил этган. Энг юқори ўртача натижа эса Навоий вилоятида 62,5 балл даражасида қайд этилган.
Кейинги юқори натижалар:
Сурхондарё вилоятида 62,1 балл
Бухоро вилоятида 59 балл;
Қашқадарё вилоятида 58,5 балл;
Наманган вилоятида 58,3 балл қайд этилган.
Энг паст ўртача индекс Қорақалпоғистон Республикасида 49,5 баллни ташкил этган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА