Сув хўжалигида ҳуқуқий тизим янгича ёндашув асосида такомиллашмоқда
Сув хўжалиги вазирлиги тизимида қонун устуворлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда вазирликнинг юридик хизмати ва мурожаатлар билан ишлаш йўналишидаги фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги қарори ижроси доирасида юридик хизмат тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқий тартиб-таомилларни янада шаффоф ва самарали қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Натижада вазирлик фаолиятида қабул қилинаётган ички ҳужжатлар ва ҳуқуқий қарорларнинг сифати яхшиланмоқда.
Вазирликнинг юридик хизмат ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси раҳбари Беҳзод Ражабовнинг таъкидлашича, жорий йил давомида вазирлик юрисконсультлари томонидан турли норматив ва ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, буйруқлар, хўжалик шартномалари, халқаро лойиҳалар доирасидаги меморандумлар, келишувлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги бўйича чуқур ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда. Ушбу жараёнда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳуқуқий хулосалар бериб борилмоқда.
–Шунингдек, меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам тизимли ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, меҳнат таътиллари бериш, интизомий чораларни қўллаш ҳамда касаба уюшмалари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиляпти. Бу эса вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотларида меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий асосда ташкил этилишига хизмат қилади. Шу билан бирга, 2026-2028 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Ушбу ҳужжат ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди у.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушган суд ҳужжатлари, қарорлар ва бошқа материаллар ижроси бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, уларнинг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилаётир.
Беҳзод Ражабов қайд этганидек, шартномавий-ҳуқуқий ишлар, даъво-талабнома жараёнлари ҳамда тизим ташкилотларининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мунтазам равишда услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
–Аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. 2026 йилнинг биринчи чораги давомида вазирликка 544 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми сувдан фойдаланиш, ирригация ва мелиорация, насос станциялари фаолияти, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда ижтимоий масалалар билан боғлиқ. Ушбу мурожаатларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилган. Мурожаатларни тезкор ва самарали кўриб чиқиш мақсадида вазирлик тизимида Президент виртуал қабулхонаси билан интеграциялашган ҳамда 24/7 режимида фаолият юритувчи call-марказлар ишлаб турибди. Бу эса фуқаролар муаммоларини тезкор ҳал этиш, такрорий мурожаатлар сонини камайтириш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дея таъкидлади Б.Ражабов.
Айтиш керакки, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида бу каби ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар соҳада янги, замонавий ёндашувларни шакллантирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА