Сув хўжалиги коррупциядан холи соҳага айланади
Сув – улуғ неъмат. Азалдан халқимиз сувни зарга, сув келтирганларни эъзозлаб, заргарга тенглаштирган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев коррупцияни давлат тараққиётига, адолат ва қонун устуворлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолаб, “Коррупцияга йўл қўйиш – ислоҳотларимизга хиёнатдир!” деб таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий эътибор қонунбузарликларни фош этишдан кўра кўпроқ коррупцияга шароит яратаётган омилларни йўқ қилишга қаратилмоқда.
Йўл қўйилган коррупция ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, хатоликлар бартараф этилди. Тўлиқ бажарилмаган иш учун тўланган маблағга мос ишлар бажартирилиб, кечиккан ишлар назоратга олинди ва тўлиқ бартараф этилди. Айбдорларга чора кўрилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси”да ходимларни коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш йўналишида тизимли равишда ўқитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 9624 нафар ходим иштирокида коррупцияга қарши курашиш бўйича 289 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Барча бошқарма ва бўлимлардан соҳада коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган эҳтимолий ҳолатлар ва коррупция хавфи ҳақида таклиф-мулоҳазалар олиниб, бу иллатга қарши комплекс тадбирлар ишлаб чиқилди.
Вазирликнинг 10 та ахборот тизими ягона “Рақамли сув хўжалиги” платформасига бирлаштирилди. Шу асосда ташкил этилган “Вазиятлар маркази” сув ва энергия ресурсларини реал вақт режимида мониторинг қилиш, таҳлиллар асосида бошқариш имконини бермоқда.
Яна бир муҳим йўналиш – сув тежовчи технологияларга ажратиладиган субсидиялар тизими қайта кўриб чиқилди. Олдинги кўп босқичли ва қоғозбозликка асосланган жараёнлар коррупция учун қулай муҳит яратган бўлса, 2025 йилдан кредит ажратиш, субсидия тўлашнинг барча босқичлари рақамли платформалар орқали амалга оширилмоқда.
Бу ишларнинг натижасини вазирлик рейтинги ошганида ҳам кўриш мумкин. Сув хўжалиги вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан баҳоланадиган давлат органлари ва ташкилотларининг Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтингида 100 баллдан 2022 йилда 13 балл билан “қониқарсиз”, 2023 йилда 66 балл ҳамда 2024 йилда 75 балл билан “қониқарли” деб баҳоланган эди.
2025 йилда 85 балл тўплаб, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги “яхши” деб топилди. Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини баҳоловчи “Очиқлик индекси” натижаларига кўра, 2025 йил якуни бўйича 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари орасидан 89 балл билан 12-ўринни, вазирликлар ичида 3-ўринни эгаллаб, “яшил” тоифада қайд этилди.
Албатта, соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Насос станцияларини тўлиқ рақамлаштириш, сув фонди ерларини электрон бошқариш, молиявий ва моддий ресурсларни ягона ERP тизими орқали назорат қилиш, хизматларни тўлиқ электрон форматга ўтказиш каби вазифалар кейинги босқичнинг муҳим устувор йўналишлари ҳисобланади.
Шу билан бирга, ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш, тарғибот тадбирлари ҳам изчил давом эттирилади. Мақсад - вазирлик тизимида шаффофлик ва очиқликни кучайтириш, сув хўжалигини коррупциядан холи соҳага айлантириш.
Ойбек Абдуғаниев,
Сув хўжалиги вазирлиги
Коррупцияга қарши курашиш ва
комплаенс назорат бўлими бошлиғи,
ЎзА