Корея билан ҳамкорлик шошилинч тиббий ёрдам сифати ошишига хизмат қилади
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида Жанубий Кореянинг Хавфсизлик сиёсати тадқиқот институти ҳамда «Autech Corporation» ва «Meskorea» компаниялари вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов иштирокида ўтган мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги тиббиёт соҳасидаги стратегик шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Жанубий Корея узоқ йиллардан буён Ўзбекистон тиббиёт тизимини модернизация қилиш, хусусан, аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш борасида ишончли ҳамкор бўлиб келмоқда. Айниқса, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) ҳамда Корея соғлиқни сақлаш халқаро ҳамкорлик жамғармаси (KOFIH) дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар соҳадаги хизматлар кўламини кенгайтириш ва уларни халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашувда «Autech Corporation» ва «Meskorea» компаниялари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун, «Autech Corporation» Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига замонавий тез тиббий ёрдам машиналари, жумладан, инфекцияли беморлар учун салбий ҳаво босимига эга махсус транспорт воситалари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун махсус мосламали (пандусли) автотранспортларни етказиб бериш бўйича етакчи компания ҳисобланади.
«Meskorea» компанияси эса тиббий ўқув манекенлари ва симуляция қурилмалари, тез тиббий ёрдам ҳамда қутқарув жиҳозлари, табиий офатлар ва оммавий жароҳатланиш ҳолатларида қўлланиладиган воситалар, ҳарбий ва фавқулодда вазиятлар учун ихтисослашган тиббиёт ускуналари, зарбли-қутқарув сумкалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Мулоқот чоғида кореялик инвесторлар Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам тизимини янада модернизация қилиш, кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини ошириш ҳамда тиббиёт ходимларини халқаро талаблар асосида тайёрлашга қаратилган таклифларини билдирди. Шунингдек, замонавий таълим технологияларини тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган шифокорлар, фельдшерлар, ҳамширалар, диспетчерлар ва техник мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришди.
Ушбу келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам хизматини технологик жиҳатдан янгилаш ва кадрлар салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА