Биринчи Боку Туркология қурултойининг 100 йиллиги нишонланмоқда
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бундан 100 йил муқаддам Биринчи Туркология қурултойи бўлиб ўтган эди. Туркий халқлардан 131 нафар вакил иштирок этган мазкур анжуманда туркий тилларнинг истиқболи ва ривожланишига оид муҳим масалалар муҳокама қилинган.
Қурултойнинг 100 йиллиги муносабати билан Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Туркий дунё ҳафталиги ташкил этилди.
Ҳафталик «Биринчи Туркология қурултойи: юз йиллик илмий ва маданий мерос» мавзусидаги халқаро конгресс билан бошланди. Бокудаги Ҳайдар Алиев марказида Озарбайжон маданият вазири Адил Каримли мезбонлигида ўтказилган конгресснинг очилиш маросимида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этди.

Тадбирда вазир Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган халқаро конгресс иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари мурожаатида юз йил аввал бўлиб ўтган қурултойда 11 нафар машҳур ўзбек зиёлиси иштирок этгани ҳамиша фахр билан ёдга олиниши таъкидланган.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллиги муносабати билан туркий давлатларнинг етакчи илмий марказлари иштирокида «Туркий дунё маърифатпарварлари» халқаро илмий-энциклопедик лойиҳасини яратиш, шунингдек, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг барча асарлари ва архив ҳужжатларини ўз ичига олган ягона рақамли кутубхона шакллантиришни таклиф қилди.

Конгрессда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 100 нафардан зиёд олим ва мутахассис туркологиянинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалари билан иштирок этмоқда.
Шўъба йиғилишларида ўзбекистонлик олимлар ҳам ўз тадқиқотлари ва илмий маърузалари билан қатнашмоқда. Йиғилишлардан бири юз йил муқаддам Туркология қурултойи ўтказилган тарихий бинода ташкил этилди. Ҳозирги кунда Озарбайжон Миллий Фанлар академияси жойлашган ушбу бино айнан ўша тарихий қурултойга мезбонлик қилган.
Туркий дунё ҳафталиги доирасида иштирокчиларнинг Озарбайжоннинг Оғдам, Шуша ва Хонкенди каби тарихий ҳудудларига ташрифи ҳам режалаштирилган.
ЎзА