Сув таъминоти соҳасида Марказий Осиёда илк ўқув китоби: назария ва амалиёт бирлашмоқда
Сув таъминоти соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, уларга замонавий билим ва технологияларни етказиш, назарий таълимни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштириш тармоқ ривожида муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзсувтаъминот” АЖда жамият, унинг ҳузуридаги Илмий ўқув маркази ҳамда Тошкент давлат транспорт университетининг “Муҳандислик коммуникациялари ва тизимлари” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида тайёрланган 7 та ўқув китоби тақдимоти ана шу мақсадга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур китоблар орасида Марказий Осиёда сув таъминоти соҳаси бўйича илк ўқув китоби ҳам бор. Унда соҳанинг асосий йўналишлари бўйича назарий билимлар билан бир қаторда, мутахассислар фаолиятида зарур бўладиган амалий маълумотлар жамланган.
Янги ўқув китобларида гидравлика, сув таъминоти, сувларни тозалаш, канализация ва оқова сувларни тозалаш йўналишлари қамраб олинган. Сувнинг қувурлар ва гидротехник иншоотларда ҳаракати, сув сарфи ва босим кўрсаткичларини аниқлаш, қувурларнинг гидравлик ҳисоблари, сув олиш иншоотлари, насос станциялари ҳамда сув таъминоти тизимларининг ишлаш принциплари ёритилган.
Шунингдек, сувни коагуляция қилиш, тиндириш, фильтрлаш ва зарарсизлантириш, оқова сувларни йиғиш ва ташиш, канализация тармоқларидан фойдаланиш, уларни механик ва биологик усулларда тозалаш каби жараёнларга оид маълумотлар ҳам китоблардан ўрин олган.
Тақдимотда китобларда жамланган назарий билимларнинг амалиётда қандай қўлланилиши юзасидан мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди. Хусусан, ўқув материалларидаги назарий ҳисоб-китоблар ва ёндашувларнинг сув таъминоти объектларидаги реал жараёнлар билан боғлиқ жиҳатлари мисоллар асосида кўрсатиб берилди.
Тошкент архитектура ва қурилиш университети профессори Эшмурот Бўриевнинг таъкидлашича, олий таълим муассасалари ва сув таъминоти ташкилотлари ўртасидаги бундай ҳамкорлик кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
– Бугун олий таълим муассасаларини битираётган талабаларнинг соҳада ишлаётгани, таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан боғланаётгани қувонарли. Бундай ҳамкорлик талабанинг назарий билимини амалиёт билан мустаҳкамлаши, энг муҳими, соҳа учун зарур кадрларни тайёрлаш имконини беради, – деди Э.Бўриев.
[gallery-31785]
“Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбари А.Сувонқуловнинг таъкидлашича, сув таъминоти тизимининг самарали ишлаши замонавий технологиялар билан бир қаторда, уларни амалиётга татбиқ эта оладиган билимли ва малакали кадрларга ҳам бевосита боғлиқ.
Шу боис Илмий ўқув марказида ходимлар малакасини ошириш, ўқув жараёнини амалиёт билан яқинлаштириш ва соҳа учун зарур бўлган ўқув адабиётларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Марказда 2026 йилда сув таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида фаолият юритаётган 2 минг 380 нафар ходимнинг малакасини ошириш режалаштирилган. 1 октябрь ҳолатига кўра, 1 минг 438 нафар ходим ўқув курсларига жалб этилган. Уларнинг 948 нафари анъанавий, 490 нафари масофавий шаклда таҳсил олган.
Шунингдек, 46 нафар мутахассис “Оқова сув иншоотлари ва тармоқларидан фойдаланиш” йўналишида оқова сув технологи мутахассислиги бўйича қайта тайёрланган.
Ўқув жараёнига Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент архитектура ва қурилиш университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш миллий тадқиқот университети, Тошкент кимё-технология институти профессор-ўқитувчилари ҳамда соҳанинг малакали мутахассислари жалб этилмоқда.
Амалий машғулотлар эса ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг ичимлик ва оқова сувни тозалаш, тақсимлаш иншоотлари, шунингдек, янги қурилаётган объектларда ўтказилмоқда. Бу тингловчиларга олган назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Таълим муассасалари ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати ёш мутахассисларни соҳага жалб этишдир. Университет вакилларининг таъкидлашича, битирувчиларнинг сув таъминоти тизимида ишлаётгани, талабаларнинг ўқиш жараёнидаёқ ишлаб чиқариш муҳити билан яқин танишиши учун имконият яратилаётгани кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширмоқда.
Бундай ҳамкорлик натижасида таълимда олинган назарий билимлар амалиёт билан уйғунлашиб, соҳа учун зарур мутахассисларни тайёрлашнинг узвий тизими шаклланмоқда.
Зеро, сув таъминоти соҳасини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш нафақат янги иншоот ва ускуналарни жорий этишни, балки улардан самарали фойдалана оладиган, назарий билимини амалиётда қўллайдиган малакали кадрларни тайёрлашни ҳам тақозо этади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА