Сув таъминоти барқарорлиги йўлида тарифлар кўриб чиқилди
Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди. Унда депутатлар, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари қатнашди.
Хусусан, Тошкент вилоятида аҳолини сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминлаш, оқова хизматларини узлуксиз ташкил этиш борасидаги масала кўриб чиқилди. Айни пайтда сув таъминоти тизимидаги инфратузилмани янгилаш, янги иншоотларни ишга тушириш ҳамда энергия ресурслари нархларининг ошиши корхона харажатларига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Шу туфайли корхонанинг харажатлари, мавжуд инфратузилмани сақлаш ва хизматлар барқарорлигини таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, ичимлик суви ва оқова хизматлари учун янги тарифлар таклиф этилмоқда.
Ичимлик суви учун аҳолига — 1 куб метр учун 3 минг 472 сўм. Бюджет ва улгуржи ташкилотларга — 1 куб метр учун 17 минг 920 сўм. Оқова хизмати учун аҳолига — 1 куб метр учун 1 минг 680 сўм. Бюджет ва улгуржи ташкилотларга — 1 куб метр учун 4 минг 480 сўм.

Тарифларни қайта кўриб чиқишдан кўзланган асосий мақсад — сув таъминоти корхонасининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, электр энергияси ва бошқа эксплуатация харажатларини қоплаш, янги инфратузилма объектларини сақлаш ҳамда аҳоли ва ташкилотларга кўрсатилаётган хизматларни узлуксиз давом эттиришдан иборат.

Зеро, сув таъминоти аҳоли ҳаёти ва ҳудуд иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга соҳа. Шу боис тизимдаги харажатлар ва тарифлар ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва хизматлар сифатини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Шундан сўнг сессиянинг кун тартибидаги бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Масъулларга зарур топшириқлар берилди.
А.Мусаев,ЎзА