Маданият соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари оширилмоқда
Маданият ва санъат соҳасида замонавий бошқарув: Сунъий интеллект болалар мактаблари учун қандай имкониятлар яратади?
Сир эмаски, бугунги кунда сунъий интеллект бир қатор қулайликлар тақдим этмоқда. Бироқ ундан соҳалар кесимида қандай фойдаланса, манфаатли бўлишини мутахассислардан ўрганган афзал.
Шу мақсадда, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳузуридаги Малака ошириш тармоқ марказида болалар мусиқа ва санъат мактаблари директор ўринбосарлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида бўлиб, “Замонавий АКТ: сунъий интеллект имкониятларидан иш жараёнларида фойдаланиш” модули доирасида машғулотларда иштирок этди.
Машғулотни маданият вазири маслаҳатчиси Абдурауф Набиев олиб борди.
Дарс давомида бошқарув фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш, ҳужжатлар билан самарали ишлаш, таҳлилий жараёнларни автоматлаштириш ҳамда маданият ва санъат соҳасида сунъий интеллектнинг амалий имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга замонавий рақамли технологиялардан кундалик иш жараёнларида самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай ўқув-семинарлар таълим муассасалари раҳбар кадрларининг замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, рақамли технологияларни амалиётга кенг жорий этиш ва касбий салоҳиятни янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шербек Исломов, ЎзА