Сув таъминотда барқарорлик ва энeргия самарадорлиги – устувор вазифа
Бугунги кунда аҳолини сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминлаш, сув тармоқларининг ишончлилигини ошириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда электр қуввати сарфини камайтириш сув таъминоти тизими олдидаги муҳим вазифалардан биридир.
“Самарқанд сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Асосий эътибор сув иншоотларини модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, сув йўқотишларини камайтириш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган.
Сув таъминоти қамрови кeнгаймоқда
2026 йилнинг дастлабки 8 ойи якунларига кўра, Самарқанд вилоятидаги 1079 маҳалланинг 80,5 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Шундан 541 та маҳалла тўлиқ, 456 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 82 та маҳаллада аҳоли муқобил манбалардан фойдаланмоқда.
Вилоятда жами 2047 та ичимлик суви иншооти ҳамда 8039,5 километр ичимлик суви тармоқлари мавжуд. Уларнинг бир қисми узоқ йиллар аввал қурилганлиги сабабли реконструкция ва модернизация қилиниши зарур. Жорий йилда барча дастурлар доирасида жами 539,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига 174 та ичимлик ва оқова сув иншооти ҳамда 1435 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 358 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 144 та иншоот ҳамда 1 284,6 километр тармоқ қурилди. Йил якунига қадар яна 274,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 67 та ичимлик ва оқова сув иншооти ҳамда 404 километр тармоқни қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Натижада йил якунига қадар 185 маҳалладаги 86,1 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади, 72,7 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Вилоятда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 80,5 фоиздан 82,5 фоизга етказилади.
Оқова сув таъминоти йўналишида эса 21,5 минг нафар аҳолини илк бор оқова сув хизматлари билан қамраб олиш, 8,5 минг нафар аҳолининг оқова сув тизимини яхшилаш ва қамров даражасини 23,7 фоиздан 24,7 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ургут ва Оқдарёда амалий ишлар давом этмоқда
Ичимлик суви таъминоти оғир бўлган ҳудудларни аниқлаш ва муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш мақсадида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда Ургут туманидаги маҳаллаларда хатлов ишлари олиб борилди. Хатлов натижаларига кўра, 4,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Қуйиқишлоқ-1, Қуйиқишлоқ-2, Ипакли, Мингтепа, Тароқли, Янгиобод, Бунёдкор, Ғойиб ота, Мустақиллик ва Узун маҳаллаларида 62,1 километр ичимлик суви тармоғи қурилди. Шунингдек, 11 та сув иншооти реконструкция қилинди ёки янгидан барпо этилди. Айни пайтда Қуйи Алгар, Тинчлик, Сўфи, Этак Бешкапа ва Юқори Тегана маҳаллаларида 16,5 километр ичимлик суви тармоғи қуриш ҳамда 5 та сув иншоотини реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Оқдарё туманининг Бошдархон маҳалласида ҳам Бошдархон ва Жўрабой қишлоқларини қамраб олган 13,5 километр ичимлик суви тармоғини қуриш, шунингдек, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Энeргия тeжамкор тeхнологиялар – асосий йўналиш
Сув таъминоти тизимида энергия сарфи катта бўлган асосий жараёнлардан бири сувни насослар орқали узатиш ҳисобланади. Шу боис эскирган ускуналарни замонавий ва энергия тежамкор технологияларга алмаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунга қадар жамият тасарруфидаги 151 та сув иншоотига энергия тежамкор насослар ўрнатилди. Йил якунига қадар яна 72 та шундай насос ўрнатиш режалаштирилган.

Шунингдек, 216 та сув иншоотида масофадан бошқариш тизими жорий этилди. Йил якунига қадар яна 412 та якка сув олиш иншоотини ушбу тизимга ўтказиш кўзда тутилган.
Электр қувватидан самарали фойдаланиш мақсадида шаҳар ва туманлардаги сув иншоотларида реактив энергияни компенсация қилувчи қурилмалар ҳам ўрнатилмоқда. Ҳозирга қадар 12 та иншоотда жами 120 кВА қувватга эга қурилмалар ўрнатилди.
Насосларнинг иш режимини самарали бошқариш учун 44 та сув иншоотига частота ростлагичлари қўйилди. Йил якунига қадар яна 25 та иншоотга частота ростлагичларини ўрнатиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жамият тасарруфидаги 205 та электр ҳисоблагич замонавий АСКУE талабларига мос қурилмаларга алмаштирилди.
Энергия сарфини камайтириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида сув таъминоти объектларига қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Жумладан, Жомбой тумани филиалига қарашли “Қудуқли” сув иншоотига 200 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Мазкур қуёш панеллари бир ойда ўртача 27,7 минг кВт·соат электр қуввати ишлаб чиқариб, тахминан 22 миллион сўмлик электр энергиясини тежаш имконини бермоқда. Натижада “Қудуқли” марказий сув иншоотининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб 90 фоизи қуёш энергияси ҳисобидан қопланмоқда.
Йил якунига қадар Булунғур тумани филиалига қарашли сув иншоотларига 500 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, “ЗОС” оқова сувларни тозалаш, “Мулён” сув ҳамда “Фарҳод” оқова сувларни тозалаш иншоотларида жами 1,9 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эса шаҳар ва туман филиалларидаги сув иншоотларига ҳар бири 20 кВт қувватга эга 16 та, жами 320 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш режалаштирилган.
Кўрилаётган чоралар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Мисол учун, 2025 йилнинг 7 ойида “Самарқанд сув таъминоти” АЖ томонидан 53,5 миллион кВт·соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 49,512 миллион кВт·соатни ташкил этди.
“Самарқанд сув таъминоти” АЖ учун асосий мақсад аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти тизимининг барқарорлигини ошириш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишдир.
Бу йўлда эскирган инфратузилмани янгилаш, энергия тежамкор ускуналарни жорий этиш, қуёш энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш, сув иншоотларини масофадан бошқариш имкониятларини ошириш ҳамда ичимлик суви сифатини замонавий лаборатория назорати орқали таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Толиб Бобоев,
“Самарқанд сув таъминоти” АЖ директори.
ЎзА