Эътибор ва ғамхўрлик манзили
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш ва оила аъзоларига кўмак беришга қаратилган ижтимоий хизматлар кўлами кенгаймоқда. Жумладан, “Янги кун” кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати ногиронлиги бўлган шахсларни кундузги вақтда парваришлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижтимоийлашувини қўллаб-қувватлаш ва турли фойдали машғулотларга жалб этишга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида фаолият юритаётган “Янги кун” хизматига айни пайтда 7 нафар ногиронлиги бўлган шахс қамраб олинган. Бу ерда ҳар бир фойдаланувчининг эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб, кун давомини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар яратилган.
[gallery-31430]
Турли машғулотлар, мулоқот ва ижтимоий фаолликка йўналтирилган жараёнлар орқали фойдаланувчиларнинг қобилиятини ривожлантириш, кундалик кўникмаларини мустаҳкамлаш ва жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда.
Йил якунига қадар вилоятда “Янги кун” хизматини янада кенгайтириш, 20 нафар тадбиркор билан битим тузиш ҳамда 18 ёш ва ундан катта 350 нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсни мазкур хизматга қамраб олиш режалаштирилган.
“Янги кун” каби ижтимоий хизматларнинг ривожлантирилиши ногиронлиги бўлган шахсларга кундузги парвариш ва кўмак кўрсатиш билан бир қаторда, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, қобилиятларини ривожлантириш ва жамият ҳаётида иштирок этиши учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА