Сув ресурсларини бошқариш бўйича ўзбек тилида илк дарслик яратилди
Тошкентдаги “Green University”да сув ресурсларидан самарали ва барқарор фойдаланиш масалаларига бағишланган “Сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш” номли янги дарслик тақдимоти ўтказилди.
Соҳа мутасаддилари, хорижий ташкилотлар вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда дарсликнинг сув ресурсларини бошқариш бўйича замонавий билимларни таълим жараёнига жорий этиш ва малакали мутахассислар тайёрлашдаги аҳамияти таъкидланди.
Маълум қилинганидек, мазкур китоб Ўзбекистонда сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш бўйича ўзбек тилида тайёрланган илк дарслик ҳисобланади. У олий таълим муассасаларининг 19 та мутахассислиги бўйича магистрантлар учун тавсия этилган. Келгусида китобнинг рус ва инглиз тилларидаги версияларини тайёрлаш режалаштирилган.

Ш.Муродов, А.Абдуҳакимов ва У.Тўраев томонидан тайёрланган дарсликда сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий усуллари, халқаро тажриба ва Ўзбекистондаги амалиёт жамланган.
– Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда соҳада ихтисослаштирилган ўқув адабиётларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Мазкур дарсликда сув ресурсларини барқарор бошқаришнинг назарий асослари, замонавий амалий ёндашувлар, СРИБ тамойиллари, ҳавзавий режалаштириш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, сув қонунчилиги ҳамда Ўзбекистон, Марказий Осиё ва жаҳон тажрибаси қамраб олинган, – деди китоб муаллифи, профессор Шуҳрат Муродов.
Нашр Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан нашрга тавсия этилган. Дарслик Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands” лойиҳасининг молиявий кўмагида чоп этилди.

Жорий йил бошидан буён лойиҳа доирасида сув ресурслари ва ердан фойдаланиш йўналишларида 17 та ихтисослаштирилган тренинг ташкил этилиб, уларда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 700 га яқин мутахассис иштирок этди. Машғулотларда гидрометрия, суғориш режимларини бошқариш, СРИБ, ер ресурсларини режалаштириш ва яйловлардан барқарор фойдаланиш каби масалалар қамраб олинди.
– Сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқаришда нафақат технологиялар ва инфратузилма, балки ҳар куни сув билан ишлайдиган инсонлар омили ҳам муҳим. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида аёллар сув танқислиги ва иқлим ўзгариши оқибатларини кўпроқ ҳис қилмоқда. Шунинг учун уларнинг касбий ривожланиши, таълим олиши ва сув ресурсларини бошқаришда иштирок этиши учун имкониятларни кенгайтириш зарур, – деди профессор Малика Икромова.
Тадбир якунида қайд этилганидек, янги дарслик лойиҳа доирасида мутахассисларни ўқитиш ва замонавий ўқув адабиётларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларидан бири бўлиб, соҳада замонавий билимларни тизимлаштиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА