Алимент қарзи эвазига автомобиль расмийлаштирилди
Алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошириш фарзандлар манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ айрим ҳолларда қарздорларнинг ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатида алимент қарздорлиги йиллар давомида тўпланиб боради. Бундай ҳолатларда Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорликни ундириш ва ундирувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ижро ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилоятида алимент қарздорлигини бартараф этиш бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарзни қоплашнинг ўзига хос ечими қўлланилди.
Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2023 йил 18 мартдаги суд буйруғига асосан, қарздор А.О.нинг даромадидан ундирувчи М.О. фойдасига 1/2 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Бироқ қарздор ўз мажбуриятларини бажармагани оқибатида тўпланган алимент қарзи 83 миллион 700 минг сўмдан ортиққа етган.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида мазкур қарздорликни қоплаш чораси кўрилди. Натижада қарздорга тегишли бўлган Cobalt русумли автомобиль ундирувчи М.О. номига расмийлаштириб берилди.
Шу тариқа, алимент бўйича тўпланган қарздорликни бартараф этиш орқали ундирувчининг қонуний манфаатларини таъминлашга эришилди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА