Сув — фаровонлик манбаи
Юртимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан барқарор таъминлаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда инсон учун муносиб турмуш шароитларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимиз ҳудудларида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш арафасида аҳолининг ҳаёт сифатини юксалтиришга қаратилган инфратузилмавий лойиҳалар янада жадаллашгани ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг кўламини кенгайтирмоқда.

Хусусан, туманнинг Бирлик маҳалласида аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш мақсадида умумий узунлиги 18,5 километр бўлган янги ичимлик суви тармоғини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа нафақат мавжуд сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, балки маҳалла аҳолиси учун янада қулай ва муносиб яшаш шароитини яратишга ҳам хизмат қилади.

Айни вақтда мутахассислар томонидан қувурларни ётқизиш, тармоқларни ўзаро улаш ҳамда барча техник жараёнларни белгиланган талаблар асосида сифатли бажариш чоралари кўрилмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунлангач, юзлаб хонадонларнинг ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда.

Энг муҳими, бундай инфратузилма лойиҳалари оддий қурилиш ишларигина эмас, балки инсон қадрини юксалтириш, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли давлат сиёсатининг амалий натижасидир. Замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш орқали маҳаллалар янада ободонлашиб, фуқароларнинг турмуш сифати кун сайин яхшиланмоқда.

Зафаробод туманида бу каби бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг изчил давом этаётгани мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳудудлардаги самарасини яна бир бор тасдиқлайди. Инсон манфаати ва халқ фаровонлигини устувор мақсад сифатида белгилаган мазкур лойиҳалар Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш билан бирга, келгуси тараққиёт учун ҳам мустаҳкам инфратузилмавий пойдевор яратаётгани билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов,ЎзА мухбири