Сурхондарёда бурч, жасорат ва матонат улуғланди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви амфитеатр майдонида “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида байрам тадбири ва ватанпарварлик сайли бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилоятидаги меҳнат фронти ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, ёшлар иштирок этган тадбирда Иккинчи жаҳон уруши йиллари сурхондарёликлар ҳам Ватанга садоқат бурчини кенг намоён этиб, уруш ўчоқларида жасорат кўрсатгани, меҳнат фронтида туну кун матонат билан ишлагани таъкидланди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари 53 минг 360 дан ортиқ сурхондарёлик фронтга жўнатилгани ва уларнинг 11 минг нафардан ортиғи жангу жадалларда жасорат намуналарини кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлгани ёдга олинди.

Урушдан омон қайтганларнинг ҳам аксарияти жанг майдонларида олган жароҳатлари билан Ватанга келиб, урушдан кейинги тикланиш йилларида турли соҳаларда фидокорона ишлади. Айни пайтда вилоятда бир нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 500 дан ортиқ фронт орти меҳнат фахрийси тинч-тўкин истиқомат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши бошланган илк даврлардан вилоятнинг 18-ҳарбий ўқув пунктида армия учун жангчилар тайёрлаш йўлга қўйилиб, қисқа вақтда беш мингдан ортиқ пулемётчи, миномётчи, танкка қарши қирувчи, мудофаага кўмаклашувчи ташкилот йўл-йўриғи билан 18 минг ҳарбий мутахассис, 1942 йил 6 та махсус аёллар ва қизлар бўлинмалари тузилиб, бир йил ичида 246 нафар ўқувчи-қиз фронтга тайёрланган. 25 та санитар кўнгилли гуруҳ ташкил этилиб, жанг майдонлари учун 260 нафар малакали ҳамшира ва фельдшерлик касбига ўқитилган. Фронтга кетганларнинг жойини уларнинг оналари, турмуш ўртоқлари, қизлари ва ўспирин ўғиллари эгаллаган. Ўқув курсларида 135 нафар қизга трактористлик касби ўргатилган. Шахсий жамғармага эга сурхондарёликларнинг аксарияти ўз маблағини самолёт, танк қурилиши учун топширган.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, мардлик ва фидойилик руҳида тарбиялашга йўналтирилган ватанпарварлик сайлида ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси намойиш этилди. Меҳнат фронти ва меҳнат фахрийлари байрам дастурхони атрофида ҳозирги тинч, тўкин, фаровон турмушга шукрона айтиб, болалик, ёшлик даврларида кўрган қийинчиликларини ёдга олди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури кекса авлод вакилларига байрам кайфиятини улашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА