Сурхондарё яшил бойликларга бурканган янада обод воҳага айланади
Сурхондарё вилоятида "яшил белбоғ"лар барпо этилиб, тўсатдан юз берадиган чанг бўронлари таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам бундай эзгу амални изчил давом эттиришда муҳим дастуруламал бўлмоқда.

Жорий йилги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми вилоятда ноябрь ойида бошланади. Айни пайтда мавсумга қизғин ҳозирлик кўрилиб, кўчат экиладиган ҳудудлар белгилаб олинди. Мавсум олдидан ерларни текислаб, тупроқ ҳолатини яхшилаш ва кўчат экиш учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор туманидаги Илғор маҳалласи ҳудудида бўлиб, бу ерда ажратилган 179 гектар майдонда кузги кўчат экиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишиб, мутасаддиларга тегишли вазифаларни белгилаб берди.

Лойиҳанинг ўтган мавсумида ҳудуддаги Қорақир массивида 108 гектар майдонда шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик барқарорликни юмшатишга хизмат қиладиган йирик “яшил белбоғ” барпо этилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.

Мутахассисларнинг фикрича, вилоятда шамол эрозиясининг олдини олиб, экологик вазиятни барқарорлаштиришга давлат даражасида эътибор қаратилаётгани ва илмий асосда ёндашилаётгани чанг бўронлари таъсирини камайтириб, касалликларнинг чекиниши ва тупроқ кўчишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Ерларни эрозиядан сақлашга хизмат қилади. Теварак-атрофнинг аниқ режа ва мақсад асосида кўкаламзорлаштирилаётгани иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон” вазифасини ўтайди. Тупроқни кўчишдан асрайди. Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилайди.
Кузги мавсумда экиладиган кўчатлар ҳам ана шундай улуғвор мақсадга хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда вилоятдаги ўрмон хўжаликлари 8 гектар майдонда Беларус тажрибаси асосида замонавий кўчатхона ташкил этади.

Шу ерда вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгилаб олинган режалар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот қилди.

Воҳада кузги мавсумда 11 миллион 187 минг туп кўчат экилади. 723 маҳаллада кўкаламзорлаштириш ишлари йўлга қўйилиб, 30 та микроўрмон, 30 та сояли сайр кўчаси ва 30 та жамоатчилик боғи барпо этилади. 30 та компостлаш ва мульчалаш майдончаси ташкил этилиб, 90 та шох-шабба майдалаш ускунаси харид қилинади. “Яшил лот” ҳамда “Маҳаллани яшиллаштириш” ташаббусларининг аҳамияти кенг тарғиб қилинади.

Тақдимотда фармон ижросини сўзсиз таъминлаш, ҳар бир маҳаллада белгиланган ишларни тизимли ташкил этиб, кўчатларни сифатли экиш ва парваришлаш, янги яшил ҳудудларни барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудларда “3-30-300” тамойилини жорий этиш, аҳоли учун қулай ва экологик соғлом муҳит яратиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири