Маҳсулотларимиз Кариб денгизи бозорига йўл олмоқда (+видео)
Ўзбекистонда етиштирилган мош, ловия ва қуритилган ўрик маҳсулотлари минглаб километр узоқликдаги янги бозор — Доминикан Республикасига йўл олмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан ҳамкор давлат билан экспорт учун фитосанитария талаблари келишилиб, маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт географияси кенгаймоқда.
Доминикан Республикаси — Кариб денгизи минтақасида жойлашган давлатлардан бири бўлиб, ушбу бозор ҳисобига Ўзбекистон учун энди экспорт харитаси кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан олиб борилган музокаралар натижасида қуритилган ўрик, мош ва ловия экспорти учун фитосанитария талаблари белгиланди. Халқаро савдода ўрнатилган талабларга мувофиқ тайёрланган, тегишли фитосанитария сертификати билан таъминланган ва ташиш жараёнида ҳимояланган маҳсулотни ушбу давлатга олиб киришга рухсат берилади.
—Экспорт жараёнида Доминикан Республикаси фитосанитария талабларига тўла риоя қилиниши, жумладан ҳар жўнатма Ўзбекистон Республикасида расмийлаштирилган фитосанитария сертификатининг асл нусхаси билан экспорт қилиниши керак, — дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси бош мутахассиси Назокат Тоҳирова. — Маҳсулотлар Доминикан Республикаси учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлардан холи бўлиши, герметик қадоқларда экспорт қилиниши талаб этилади. Ёғоч қадоқлар эса халқаро стандартларга асосан фумигация қилиниши мажбурийдир. Муҳим эслатма: фитосанитария сертификатида Доминикан томонидан берилган импорт карантин рухсатномаси рақами кўрсатилган бўлиши муҳим.
Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот экспорти таркибида мош 148,2 минг тоннани ташкил этган. Асосий харидорлар Хитой, Нидерландия ва МДҲ давлатлари. Ловия экспортида ҳам ўхшаш динамикани кўриш мумкин. Мазкур дуккакли маҳсулотлар ҳажми бўйича етакчи бўлса, қуритилган ўрик 2025 йилда 56 та давлатга экспорт қилинган.
Янги бозорларнинг очилиши мазкур кўрсаткичларнинг янада ошишига хизмат қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча экспорт имкониятларини яратади ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро экспорт майдонидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Санжар Тошпўлатов,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА