Қиш остонасидаги катта тайёргарлик
Куз-қиш мавсуми коммунал соҳа учун жиддий синов даври. Айниқса, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва муҳим инфратузилмаларни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш нафақат техник, балки катта ижтимоий масъулиятни ҳам талаб этади. Шу боис мавсумга тайёргарлик жараёнида ҳар бир тармоқ, қозонхона ва объектнинг ҳолатини олдиндан баҳолаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Навоий вилоятида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам ана шу ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Аввало, иссиқлик таъминоти объектлари хатловдан ўтказилиб, эскирган тармоқлар, таъмирга муҳтож қозонхоналар ва муаммоли участкалар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
– Тасдиқланган режага кўра, вилоят бўйича 6,9 километр иссиқлик тармоғи ва 16 та иситиш қозони жорий таъмирланиши белгиланган эди. Бугун ушбу ишлар тўлиқ бажарилган, – дейди вилоят “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ директори Анвар Бўриев. – Бироқ соҳадаги ёндашув фақат режани бажариш билан чекланиб қолмаяпти. Қўшимча ўрганишлар натижасида яна 7,4 тўрт километр тармоқ режадан ташқари таъмирланди. Бу, аввало, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора сифатида аҳамиятли. Чунки иссиқлик тизимида муаммони қишнинг энг совуқ кунларида бартараф этишдан кўра, уни мавсум бошланишидан олдин аниқлаш ва ҳал қилиш самаралироқдир.

Ҳозирги кунда Навоий шаҳрида тизимни босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарда 3,8 километр иссиқлик тармоғи замонавий ППУ қувурларига алмаштирилмоқда. Бундай қувурлардан фойдаланиш иссиқлик йўқотишларини камайтириш, тармоқларнинг техник ишончлилигини ошириш ва уларнинг хизмат муддатини узайтириш имконини беради. Шу жиҳатдан, бугунги таъмирлаш ишларини фақат мавсумга тайёргарлик эмас, балки иссиқлик таъминоти инфратузилмасини узоқ муддатга янгилаш жараёни сифатида баҳолаш мумкин. Шаҳарда диаметри 720 миллиметр бўлган қувурларнинг 1100 юз метри ҳам замонавий ППУ қувурларига алмаштирилмоқда. Ушбу тармоқ 17- ва 18-кичик туманларни иссиқлик билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Таъмирлаш ишлари якунлангач, мазкур ҳудудларда иссиқликни бир маромда етказиб бериш имконияти яхшиланади.

Вилоятдаги иссиқлик таъминоти тизимининг асосий юкламаси Навоий филиали ҳиссасига тўғри келади. Филиалда режа бўйича 3,7 километр тармоқ таъмирланиши белгиланган бўлиб, бу вазифа тўлиқ бажарилди. Шу билан бирга, корхона маблағлари ҳисобидан режадан ташқари яна 7 километр тармоқда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 6-кичик тумандаги Металлурглар шоҳкўчаси ҳудудида 3,8 километр, Ғалаба шоҳкўчаси бўйлаб 0,9 километр ва шаҳар ички ҳудудларида 2,3 километр тармоқ таъмирдан чиқарилди. Айниқса, аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келган участкаларнинг янгиланиши профилактик ишларнинг ижтимоий аҳамиятини оширади.
Зарафшон шаҳридаги тайёргарлик ҳам ҳудуднинг ўзига хос иқлим шароити инобатга олинган ҳолда ташкил этилди. Филиалда режадаги 1,6 километр ўрнига 2,9 километр иссиқлик тармоғи таъмирланди. Шунингдек, филиалдаги 11 та иситиш қозони мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди. Қўшимча равишда 0,4 километр тармоқда режадан ташқари таъмирлаш ишлари бажарилди.

Учқудуқ туманида эса режалаштирилган 1,4 километр тармоқдаги таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Қизилқум ҳудудида жойлашган бу туман учун иссиқлик тизимининг ишончлилиги айниқса муҳим. Шу боис қувурларнинг техник ҳолати, изоляцияси ва тармоқларнинг мавсумий юкламага тайёрлиги алоҳида назорат қилинди.
Иссиқлик тармоқлари билан бир қаторда, унинг асосий манбаи ҳисобланган қозонхоналарнинг техник ҳолати ҳам эътибордан четда қолмади. Навоий қозонхоналари филиалида 0,2 километр тармоқ ва 5 иситиш қозони таъмирдан чиқарилди. Ускуналар, насос агрегатлари ҳамда автоматлаштириш ва хавфсизлик тизимлари кўрикдан ўтказилди.
Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири локаль қозонхоналарни бошқариш тизими билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 11 февралдаги “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бошқарув сервис компанияларига тегишли 20 та локал қозонхона иссиқлик таъминоти балансига ўтказилди. Уларни қабул қилиш ишлари якунланиб, мавсумга тайёрлаш чоралари кўрилмоқда.

Бу ўзгаришнинг аҳамияти шундаки, иссиқлик таъминотида ягона тизимли бошқарувни шакллантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва аҳоли учун янада барқарор шароит яратиш имконияти кенгаяди. Умуман, Навоий вилоятидаги тайёргарлик жараёнига қараб, соҳада асосий эътиборни аварияларни бартараф этишдан кўра уларнинг олдини олишга қаратиш тенденцияси кучайганини кўриш мумкин. Режадан ташқари тармоқларни таъмирлаш, эски қувурларни замонавий технологиялар асосида алмаштириш ва қозонхоналарни олдиндан техник тайёрлаш ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Зеро, қишга тайёрлик – бир мавсумли вазифа эмас. Бу инфратузилманинг ишончлилигини ошириш, энергияни тежаш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган узлуксиз жараёндир. Навоий вилоятида амалга оширилган ва давом этаётган ишлар эса шу мақсадга қаратилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири