Сурхондарё ва Балх божхоначилари Термизда учрашди
Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И. Ғуломов ва Афғонистоннинг Балх провинцияси божхона хизмати раҳбари Лалек Абдул Ҳалим бошчилигидаги мутасаддилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви, юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тартибида олиб ўтишда амалдаги божхона қонунчилиги талаблари ва шартлари хусусида атрофлича фикр алмашилди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига расмийлаштириш жараёнларини амалдаги тартиблар асосида ташкил этиш, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш ва юкларни белгиланган тартибда олиб ўтиш бўйича тавсиялар берилди.

Афғонистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудуди орқали учинчи давлатларга экспорт қилиш учун “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида барча замонавий шароит ва имконият яратилгани қайд этилди. Юкларни расмийлаштириш жараёнларини янада тезлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Афғонистондан келаётган ташқи савдо юклари ва фуқаролар учун божхона постлари 24 соатлик иш режимида узлуксиз ишлаётгани таъкидланди.

Айни пайтда икки ён қўшни давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланмоқда. Жумладан, 2023 йилнинг ўн ойида мамлакатимизнинг Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси 573 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 2,7 баробарга ошиб, 1 миллиард 547 миллион 600 минг долларга етди.

Учрашув доирасида меҳмонлар “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида божхона, логистика ва юк операцияларида амалга оширилаётган жараёнлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири