«Сурхондарё – 2030» стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди
Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамага қўйилди.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
«Сурхондарё — 2030» стратегияси умуммиллий «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг ҳудудий давоми бўлиб, вилоят ривожи учун 70 дан ортиқ аниқ мақсадни белгилаб беради. Унинг аввалги дастурлардан туб фарқи — пухталиги ва шаффофлигида. Ҳар бир мақсад бўйича масъул идоралар, ижро муддатлари, ўлчанадиган кўрсаткичлар ва молиялаштириш манбалари қатъий белгилаб қўйилган. Энг муҳими, мақсадлар ижросини нафақат вилоят аҳолиси, балки бутун мамлакат жамоатчилиги стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси орқали очиқ кузатиб бориши мумкин.

Сессияда таъкидланганидек, сўнгги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар самара бермоқда. 2025 йил якунлари бўйича вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 66,2 триллион сўмни ташкил этди, беш йилликдаги ўртача йиллик ўсиш суръати эса 106,2 фоизга етиб, олдинги беш йилликка нисбатан 1,8 баробар жадаллашди.
Стратегия беш устувор йўналишга асосланади, инвестицион жозибадорликни ошириш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва урбанизацияни жадаллаштириш, туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ишсизлик ва «мутлақ камбағаллик»ка барҳам бериш. Ҳужжатда вилоятнинг ноёб географик жойлашуви — бир вақтнинг ўзида уч давлат, яъни Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош ягона ҳудуд эканлиги алоҳида ҳисобга олинган. Бу эса транспорт-логистика, ҳудудлараро ва трансчегаравий савдони ривожлантириш учун кенг имконият очади.

Белгиланган марраларнинг катта қисми бевосита аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган. Аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш кўрсаткичи 8,3 мингдан 56,6 мингга оширилади, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 82,6 фоизга етказилади, ҳар йили 10 мингдан зиёд хонадонли замонавий уй-жойлар барпо этилади. Термиз шаҳри жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиниб, 185 та янги автобус йўлга чиқарилади ва маршрутлар сони 155 тага етказилади. Туризм ва хизматлар соҳасида меҳмонхона ўринлари 6 мингдан 9 мингга, туризм қишлоқлари сони 6 тадан 13 тага кўпаяди — бу ҳам минглаб янги иш ўрни демакдир.
Стратегия ижроси шаҳар ва туманлар кесимида функционал ихтисослашувга асосланади: ҳар бир туман учун унинг муаммолари, ривожланиш драйверлари ва инвестиция лойиҳалари портфелини қамраб олувчи алоҳида «ҳудудий паспорт» ишлаб чиқилади. Ижро эса стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси орқали изчил назорат қилиб борилади.

Ҳудудий ривожланиш стратегияларининг муҳокамаси мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам давом эттирилади.
ЎзА