Мансабдор шахс жавобгарликка тортилди
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Исмоил Саитовнинг маълум қилишича, “Z” МЧЖ раҳбари В.С. томонидан автотураргоҳ ташкил этиш учун ер майдони ажратиш масаласи юзасидан мурожаати ўрганилган.
Аниқланишича, тадбиркор 2026 йил 26-май куни “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимининг очиқ электрон портали орқали Т1726280022/2-сонли таклифни киритган. Бироқ Давлат кадастрлари палатасининг Олмазор тумани филиали томонидан мазкур таклиф юзасидан жавоб 2026 йил 19-июнь куни, яъни қонунчиликда белгиланган беш иш кунлик муддат бузилган ҳолда тақдим этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14-февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига кўра, ваколатли органлар таклифни беш иш куни ичида кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши лозим.
Ўрганиш якунларига кўра, муддат талабларини бузган масъул мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215⁵-моддаси асосида маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири