Сурхон воҳаси гидроэнергетик нур тарқатувчи гўшага айланмоқда
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
Сурхондарёга келган меҳмонга бетакрор бу юртнинг қадимий ёдгорликлари, тоғу дарёлари, воҳада юз берган ўзгаришларини кўрсатишдан ўзгача ҳузур оламан. Ва яна гўзал табиат манзаралари, шифобахш зилол сувлари, қалби дарё, соддадил одамлари билан таништиришни хуш кўраман.
Вилоятнинг бугунги гидроэнергетик салоҳияти ҳақида мақола ёзмоқчи бўлдиму, беихтиёр бундан йигирма йиллар аввалги бир воқеа ёдимга тушди.
Ёз чилласи. Тонг маҳали пойтахтлик уч ҳамкасбим Термизга келди. Кутиб олдим. Улуғ алломалар туғ кўтариб турган қадимий кентда дийдор кўришганимиздан бошим кўкка етгудек бўлди. Хурсандчилигимдан ўзимни қўярда жой тополмаётганга ўхшайман. Нонушта маҳали борадиган манзилларни бамаслаҳат белгилаб олдик. Рўйхатга Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” сув омборини ҳам киритдик.

– Устоз бир юмуш билан Навоийдан қайтаётган эдик, –дея гап бошлади Орифхон мийиғида жилмайиб. – Самарқандга келганимизда Сурхондарёни ҳам бирров кўриб кетайлик, дедик. Йўналишимизни ўзгартириб, Термиз отани зиёрат қилиш учун йўлга чиқдик. Аммо вақтимиз кўп эмас. Иложи бўлса эртароқ қайтишимиз керак.
– Энди гап бундоқ. Аввал азиз авлиёларни зиёрат қиламиз. Кейин вақтимиз етгунича айланамиз. Учинчи кун кечга қайтамиз. Мен ҳам сизлар билан пойтахтга бораман. Бир оғайнимизнинг қатнашмасам бўлмайдиган тадбири бор.
– Оббо, – дея Орифхон бир зум икки қўли билан сочини силаган бўлди. Бирпас жим турди. Таклифимга рози бўлди.
Саёҳатимизнинг иккинчи куни Сариосиё тарафга отландик.

Денгиз сатҳидан 900 метрлар чамаси баландликда жойлашган “Тўпаланг” сув омборида ҳали қурилиш ишлари якунланмаган. Сиғимини 500 миллион куб-метрга етказиш учун тўғонда бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Қурилиш ташкилоти идорасида Улуғбек Муҳиддинов, деган биродаримиз ишлайди. Ҳалим, дину диёнатда мустаҳкам, фикрлари теран, зиёли инсон. Гурунгидан кўп китоб ўқигани шундоқ сезилиб туради. Қўнғироқ қилдим. Идорада экан. Меҳмонларимга сув омбор ва “Тўпаланг” дарёсини кўрсатмоқчи эканимни айтдим.
– Келинглар, сув омборга мен ҳам чиқаман, – деди у қувончини яширолмай. – Яқинлашиб қўнғироқ қилинг. Дарё бўйида кутиб оламан.
Тоғ қўйнига етиб келгач, “Тўпаланг” дарёсининг муздек зилол сувидан баҳра олдик. Кўм-кўк зилол сувда сузаётган форель балиқларини ўзгача завқ билан кузатдик. Сув омборда бўлдик. Тўғоннинг шундоқ биқинида қад ростлаган ГЭСни кўрдик. Мезбон билан сув омбор ва ГЭС қурилиши, ҳудуднинг табиати ҳақида гурунглашдик.
Адашмаётган бўлсам, ўша йиллари сув омборда чамаси 380 миллион куб-метр атрофида оби-ҳаёт тўпланаётган эди. Меҳмонларда сув омбору, ёз чилласидаги салқин, енгил ҳаво ҳам, атрофидаги тоғлару, флора ва фаунаси ҳам, сувнинг таркибию, қурилаётган гидроэлектр станцияси ҳам мен ўйлаганимдан кучлироқ қизиқиш уйғотди. Суҳбатимиз ярим тунгача давом этди. Ўшанда Улуғбек Муҳиддинов йирик сув омбордан оқилона фойдаланиш учун мустақиллик катта имконият яратгани ва келажакда дарё бўйлаб босқичма-босқич қуриладиган кичик ГЭСлар арзон, ишончли электр энергияси ишлаб чиқариши тўғрисида бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган гапларни айтган эди.

Бугун ўша суҳбатимизга қизиқ мавзу бўлган гидроиншоотлар бирин-кетин бўй кўрсатмоқда. Бир пайтлар бизга амалга ошиши мураккаб жараён бўлиб туюлган бу ишлар рўёбга чиқаётганини кўз-кўз қилиш учун йигирма йилча аввал бу ҳақдаги гурунгни андак ҳайрат билан тинглаган ҳамкасбларимни “Тўпаланг”га таклиф этсам дейману, афсуски, алоқамиз узилиб қолган. Пандемиядан сўнг сўроқлаганимда касбини ўзгартириб, тадбиркор бўлиб кетди, дея эшитган эдим.
Шу йил тўлиқ ишга тушганига етти йил бўлган сув омбор йилига 500 миллион куб-метр оби-ҳаёт тўпланадиган йирик иншоотга айланди. Сайёрамизда сув ресурслари тақчиллашаётган, электр энергиясига эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бораётган бир паллада бу иншоотнинг воҳа ижтимоий-иқтисодий ривожидаги ўрни ошиб бормоқда. Бундан йигирма йиллар чамаси аввал биз ярим тунгача таърифини эшитган сув омбор бугун қишлоқ хўжалиги экинлари суғориладиган ишончли тармоқ, аҳолини зилол сув билан таъминлайдиган ноёб оби-ҳаёт манбаи, арзон, экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарадиган табиий сув оқими сифатида эътиборга тушди. Эндиликда бу жойнинг гидроэнергетика салоҳиятидан унумли фойдаланиш мамлакат энергетика сиёсатининг энг муҳим ва стратегик йўналишларидан бирига айланмоқда. Табиий-географик жиҳатдан ноёб имкониятларга эга ҳудудга Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбаи бўйича энг истиқболли вилоятлардан бири сифатида қаралмоқда. Вилоятнинг тоғли рельефи, серсув дарёлари, юқори босимга эга сув оқимлари ва табиий гидрологик шароити бу ерда гидроэнергетика соҳасини кенг кўламда ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Ҳисор тоғ тизмасидан бошланувчи кўплаб дарё ва сойлар йил давомида барқарор сув оқимига эга бўлиб, улар нафақат қишлоқ хўжалиги ва ичимлик суви таъминоти, балки экологик жиҳатдан тоза электр энергияси ишлаб чиқариш учун ҳам муҳим стратегик ресурс эканини кўрсатаётир.

– Вилоятда гидроэлектр станциялар қуриш сўнгги тўққиз йилда амалга оширилган ислоҳотлар самараси, –дейди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти “Тўпаланг” ГЭСлар каскади филиали директори Асрор Улуғов. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил мамлакатимиздаги сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, янги ГЭСларни қуриш ва эски ГЭСларни модернизация қилиш учун “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Шу ҳужжат вилоятда энергия ресурсларига ошиб бораётган эҳтиёжни юмшатишда “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиб, қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга кенг йўл очди. “Тўпаланг” сув омбори қошидаги қуввати 30 МВтли дастлабки гидроэлектр станцияси тубдан модернизация қилинди. Қуввати 145 МВтга оширилди. Йилига ўртача 467 миллион кВт.соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқара бошлади. Бошқарув тўлиқ автоматлаштирилиб, инсон омилисиз ишлайдиган “ақлли” тизим яратилди.
Дарвоқе, 2017 йилгача воҳада қуввати 30 МВтли ушбу ГЭС электр энергияси ишлаб чиқараётган эди. Сўнгги тўққиз йилда бу тўққиз баробарга ошиб, гидроэлектр станциялар сони 13 тага, умумий қувват 273,4 МВтга, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 770 миллион кВт.соатга етди. Сув омбор қошидаги илк ГЭС хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида қурилган бўлса, энди ўзимизнинг мутахассислар мустақил барпо этмоқда. Асбоб-ускуналар маҳаллийлаштирилиб, бошқарув тизими автоматлаштирилаётир. Дарё бўйларида қад ростлаб турган “Зарчоб-1”, “Зарчоб-2”, “Зарчоб-3” ГЭСлари инсон омилисиз электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу мамлакатимизда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини қоплаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини оширишга қаратилаётган ислоҳотлар меваси бўлиб, гидроэнергетика табиий газ сарфини қисқартириш, энергия таннархини пасайтириш, атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилишини камайтириш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодий самарали, узоқ муддатли ва экологик тоза энергия манбаи ҳисобланади.
Президентимизнинг шу йил 1 майда қабул қилинган “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. Ҳужжатда гидроэнергетика соҳасини модернизация қилиш, янги гидроэлектр қувватларини ишга тушириш, гидросалоҳиятдан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Соҳанинг 2032 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилиб, гидроэнергетика тармоғини босқичма-босқич ривожлантиришнинг манзилли дастури бўй кўрсатди. Дастурда Сурхондарё вилояти гидроэнергетика салоҳиятидан унумли фойдаланиш, айниқса, “Юқори Тўпаланг” ва “Киштут” ҳудудларидаги гидроресурсларни иқтисодиёт манфаатлари йўлида тўлиқ ишга солиш муҳим вазифа этиб белгиланган.
Мутахассисларнинг айтишича, Сурхон воҳасининг гидроэнергетика тизимида “Тўпаланг” сув омбори алоҳида ўринга эга. Мазкур иншоот нафақат сув ресурсларини бошқариш, балки бутун ҳудуд энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим ўрин тутади. Дастлаб 120 миллион куб метр ҳажмга эга бўлган “Тўпаланг” сув омборининг кейинги йилларда амалга оширилган реконструкция ва кенгайтириш ишлари унинг ҳажмини 500 миллион куб метрга етказиб, йилнинг турли фаслида ҳам сув оқимини самарали тартибга солиш, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини қондириш, сув танқислигининг олдини олиш ва гидроэлектр станцияларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш имконини берди. “Юқори Тўпаланг” ҳудудида янги гидроэнергетик қувватларни барпо этиш учун мустаҳкам база яратди. Чунки юқори оқимдаги сувнинг табиий кучли босими гидроэлектр энергияси ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади. Бу салоҳият мамлакат гидроэнергетика тизими учун ҳам стратегик аҳамиятга эга манбага айланмоқда.
Осмонўпар тоғлар қўйнида қурилиши режалаштирилган Киштут ГЭСлар каскади лойиҳаси воҳа гидроэнергетика салоҳиятидан унумли фойдаланишнинг янги босқичини бошлаб бермоқда. Қуввати 80 МВт бўлган мазкур лойиҳа учта гидроэлектр станциядан иборат бўлиб, Юқори Тўпаланг гидросалоҳиятини комплекс ўзлаштиришга қаратилган. Энг муҳими, бу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан “миллий лойиҳа” сифатида амалга оширилмоқда. Демак, Киштут ГЭСлар каскади нафақат ҳудудий, балки мамлакат энергетик хавфсизлиги учун ҳам стратегик аҳамиятга эга иншоот бўлади. Янги лойиҳа ишга тушгач, вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади. Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши кенгаяди. Табиий газ ва бошқа анъанавий ёқилғи турларига бўлган эҳтиёж қисқаради. Иқтисодий самарадорлик ошиб, экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Тоғли ва чекка ҳудудларни электр энергияси билан таъминлаш имконияти кенгайиб, аҳолининг турмуш даражаси ўсади.
Маълумотларга кўра, вилоятда 2032 йилгача умумий қуввати 541 МВт, йилига ўртача 1,9 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган 42 та янги гидроэлектр станция қурилиб, ишга туширилиб, гидроэлектр станциялар сони 55 тага, уларнинг қуввати 814,3 МВтга ва ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 миллиард кВт.соатга етказилади. Йилига 760 миллион куб-метр табиий газ иқтисод қилинади. Ёки 2017 йилга нисбатан воҳанинг гидроэнергетика қуввати 27 баравар ўсади. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар аввало ҳудуднинг қайта тикланувчи электр манбаларидан оқилона фойдаланиб, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар ва аҳоли хонадонларини ишончли, арзон электр энергияси билан таъминлаб, инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири