Суперлига: «Бухоро» дуранг ўйнади, бугун ҳам муҳим ўйинлар бор
Ўзбекистон Суперлигасида рақобат тобора қизғин тус олмоқда.
Қўқон шаҳридаги «Марказий» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» — «Бухоро» учрашуви ўтказилди.
Мазкур баҳсда 49-дақиқада Жавоҳир Сидиқов пенальтини аниқ амалга ошириб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. Учрашув якунига яқин «Бухоро» вакили Шаҳзодбек Убайдуллаев 90+2-дақиқада гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа, баҳс 1:1 ҳисобида якунланиб, ҳар икки жамоа бир очкодан жамғарди.
Бугун, 25 август куни Суперлиганинг 19-тури доирасида яна учта учрашув ўтказилади. Унда «Динамо» — «Пахтакор», «Сурхон» — ОКМК ҳамда «Андижон» — «Хоразм» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Ушбу учрашувлар орасида «Динамо» — «Пахтакор» ҳамда «Андижон» — «Хоразм» баҳслари мухлисларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Мазкур ўйинлар олдидан жамоаларнинг ўзаро учрашувлар тарихига назар ташлаймиз.
«Динамо» — «Пахтакор»

Жамоалар чемпионат тарихида шу кунга қадар 55 марта ўзаро баҳслашган. Ушбу учрашувларнинг 41 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, 7 та баҳс дуранг билан якунланган ва 7 марта «Динамо» устун келган. «Пахтакор» рақиб дарвозасига 113 та гол урган бўлса, ўз дарвозасидан 33 та тўп ўтказиб юборган. Жамоалар ўртасидаги баҳсларда «Пахтакор»нинг энг йирик ғалабаси 6:0 бўлган.
Самарқандда ўтказилган учрашувларда ҳам «шерлар» устунликка эга. Меҳмон сифатидаги баҳсларда «Пахтакор» 16 марта ғалаба қозонган, 7 учрашувда дуранг қайд этилган ва 4 марта мағлуб бўлган.
Бўлажак баҳсда «Пахтакор» футболчиси Заид Таҳсин дисквалификация сабабли жамоасига ёрдам бера олмайди. Ҳозирда «Пахтакор 39 очко билан 2-ўринда, «Динамо» эса 25 очко билан 8-поғонада бормоқда.
«Андижон» — «Хоразм»

Бу икки жамоа Ўзбекистон чемпионати доирасида илк бор 1996 йилда тўқнаш келган. Ўшанда «Хоразм» «Динамо Урганч», «Андижон» эса «Наврўз» номи остида иштирок этган ва баҳс 1:1 ҳисобида якунланган. Бугунга қадар жамоалар чемпионат доирасида 19 марта ўзаро рақобатлашган. Уларнинг 11 тасида «Андижон», 4 тасида «Хоразм» ғалаба қозонган, яна 4 учрашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати — 40:19, «Андижон» фойдасига.
Жорий мавсум биринчи даврасида Урганчда ўтказилган учрашувда «Андижон» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Унда Андроникашвили, Иминов ва Черан голларга муаллифлик қилган. 19-тур олдидан турнир жадвалида «Андижон» 24 очко билан 9-ўринда, «Хоразм» эса 20 очко билан 11-поғонада бормоқда.
Жамоаларнинг бугунги учрашуви ҳар икки жамоа учун турнир жадвалидаги мавқеини яхшилаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА