Суперлига: 21-турдан сўнг жадвалдаги вазият қандай?
Ўзбекистон Суперлигасида 21-тур якунланди. Қизиқарли учрашувлар турнир жадвалидаги вазиятни ўзгартириб юборди. Пешқадамлик учун кураш янада кескинлашди.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган кечаги учрашувларда «Навбаҳор» сафарда «Бухоро»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Локомотив» ўз майдонида «Машъал» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, миллий чемпионатимизнинг 21-тур учрашувлари ўз якунига етди. Натижада «Нефтчи» клуби 48 очко билан мусобақа жадвалида пешқадамликни сақлаб қолди. «Пахтакор» 46 очко тўплаб иккинчи, «Навбаҳор» эса 41 очко жамғарган ҳолда учинчи ўринни эгаллади. Сўнгги турларда муваффақиятли иштирок этаётган «Локомотив» жамоаси очколарини 35 тага етказиб, тўртинчи ўринга кўтарилган бўлса, «Бухоро» кетма-кет икки турдаги мағлубиятдан сўнг 34 очко билан бешинчи поғонага тушиб кетди.
Суперлига жадвалида ОКМК — 32, «Насаф» — 31, «Андижон» — 30, «Динамо» — 30 ва «Сўғдиёна» — 28 очко тўплаб, 6–10-поғоналарни банд этган. Қуйи ўринларда «Қизилқум» — 26, «Сурхон» — 23, «Хоразм» — 21, «Қўқон-1912» — 20, «Бунёдкор» — 19 очко билан жойлашган. «Машъал» эса 4 очко билан охирги — 16-ўринда бормоқда.

Ўтган 21 тур давомида «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев 14 та гол уриб, тўпурарлар пойгасида пешқадамга айланган. «Нефтчи» вакили Стипе Перица 12 та гол билан уни таъқиб қилмоқда. «Локомотив» футболчиси Темурхўжа Абдуҳолиқов эса 11 та гол муаллифига айланган ҳолда кучли учликни якунлаб турибди.
Суперлиганинг 22-тур учрашувлари 17–21 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Тур доирасидаги баҳслар тақвими қуйидагича:
17 сентябрь: «Навбаҳор» — «Динамо»;
19 сентябрь: «Машъал» — «Пахтакор», «Бунёдкор» — «Бухоро»;
20 сентябрь: «Андижон» — «Насаф», «Сўғдиёна» — ОКМК, «Локомотив» — «Нефтчи»;
21 сентябрь: «Сурхон» — «Қўқон-1912», «Хоразм» — «Қизилқум».
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА