Юнон-рум кураши Фарғона татамисида
Фарғона яна йирик халқаро спорт мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Бугун ўсмирлар ўртасидаги IV халқаро турнир очилди ва энди унда юнон-рум кураши усталари ўзаро баҳслашадилар. Унинг очилиш маросими тантанали суратда ташкил этилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов янги Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақалар яқин йиллардан буён фақат пойтахтда эмас, вилоятларда ҳам ўтаётгани бу каби спорт турини ёшлар ўртасида кенгроқ тарғиб қилиш имконини бермоқда, деди.
– Халқаро мусобақада 590 нафар спортчи иштирок этмоқда, – дейди мусобақа бош ҳаками Бобирбек Зайлобиддинов. – Ўсмирлар 2011-2013 йилларда туғилганлар ва ёшлар 12 та вазн тоифасида беллашмоқда.
Шу бугуноқ Россия, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Германия, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон спорт усталари майдонга чиқиб куч синаша бошладилар. Тўғри, кимдир мағлуб бўлади. Аммо у ҳам ютқазмайди. Чунки халқаро мусобақа кучлиларнигина аниқлаб қолмайди. У спортчи учун аввало тажриба майдонидир.

– Ғолиб бўлган ўзбекистонлик спортчилар келгусида Президент олимпиадаси, Осиё, жаҳон биринчилигида иштирок этадилар, – деди Бобирбек Зайлобиддинов.
Мусобақалар 12 сентябрга қадар давом этади. Биз унинг бориши, ғолиблар ҳақида сизга албатта хабар берамиз.
<iframe width="1493" height="840" src="https://www.youtube.com/embed/lyH3bYwJDaY" title="Yunon - rim kurashi Farg’ona tatamisida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео,сурат), ЎзА