Соҳил волейболи: Янги ғалабаларнинг мустаҳкам пойдевори яратилмоқда
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт майдонида соҳил волейболи бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида ўтказилган “CAVA Beach Volleyball Championship 2026” мусобақаси минтақада ушбу спорт турининг ривожига салмоқли таъсир кўрсатиши билан бирга, миллий терма жамоаларнинг ўйин амалиёти юксалишига хизмат қилди.
Беш кунлик шиддатли баҳслар натижасида аёллар ўртасидаги финал ўйинида Ўзбекистон миллий терма жамоаси қизлари қўшни Қирғизистон вакилларидан устунликка эришиб, олтин медалларга эга чиққан бўлса, қардош мамлакат волейболчи қизлари кумуш медалларни қўлга киритди.
3-ўрин учун ўтган ўйинда Ўзбекистон-2 жамоаси Ўзбекистон-1 вакилларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, бронза медалларига сазовор бўлди.
“CAVA Beach Volleyball Championship 2026”нинг эркаклар баҳсида Қозоғистон жамоасини 2:0 ҳисобида енгган Эрон терма жамоаси чемпионлик мақомига кўтарилди. Ўз навбатида, Қозоғистон жамоаси кумуш ҳамда Эрон-2 жамоаси бронза медалларини қўлга киритди.
[gallery-30590]
—Бугун минтақамизда соҳил волейболи жадал ривожланмоқда. Бу, ўтказилаётган турнир ва чемпионатларнинг савияси, даражаси қанчалик ўсганида ўз аксини топган. Биргина мамлакатимизда соҳил волейболи бўйича қисқа фурсатда турли ёш тоифалари бўйича мусобақаларни тизимли тарзда ташкил этиш орқали миллий терма жамоа ва унинг захира таркиби шакллантирилди. Мақсадимиз, 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинларида айнан соҳил волейболи бўйича миллий терма жамоамизнинг иштирокини таъминлаш. Бу йўлда кенг ҳажмдаги ишлар, саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. “CAVA Beach Volleyball Championship 2026” мусобақасининг Тошкентда ўтказилиши ҳам айнан шунга қаратилган. Эркаклар ўртасидаги ўйинларда юқори ўринлар эгалланмаган бўлса-да, катта тажриба тўпладик. Аёллар жамоаларимиз эса соҳил волейболида юқори профессионал даражасини намойиш этишни бошлади. Ўйлайманки, мураббийлар, мутахассислар, тегишли экспертларнинг ҳамжиҳатлигида соҳил волейболида юксак натижаларга эришамиз. Муҳими, бу йўлда “CAVA Beach Volleyball Championship 2026” каби халқаро ўйинлар ўтказилиш тизими яратилди. Халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда, — дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар, энг яхши ўйин амалиётини намойиш этган волейболчилар, мураббийлар эсдалик совғалари, диплом, медаль ҳамда махсус кубоклар билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА