Пара академик эшкак эшиш: спортчимиз Жаҳон чемпионатида тарихий натижага эришди
Германияда пара академик эшкак эшиш бўйича U-23 ёш тоифасида ўтказилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси тарихий натижа қайд этди.
Жаҳон чемпионати доирасида ПР3 М1Х дастурида стартга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Акбарали Абдувалиев саралаш баҳсларини муваффақиятли ўтказди.

Дунёнинг энг кучли пара спортчилари билан кечган финал баҳсида ҳамюртимиз 08:05.84 сонияда марра чизиғини кесиб ўтиб, Франция ва Германия вакилини ортда қолдирган ҳолда шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ушбу йўналишда олтин ва кумуш медаллар Австралия ва Италия вакилларига насиб этди.

Айтиш лозимки, бугунгача матонатли спортчиларимиздан ҳеч ким пара академик эшкак эшиш бўйича U-23 ёш тоифасидаги Жаҳон чемпионатларида юқори ўринларни эгалламаганди. Акбарали Абдувалиевнинг U-23 Жаҳон чемпионатида эришган юксак натижаси мамлакатимиз пара спорт турлари тарихидаги ўзига хос юксак кўрсаткичдир.
Т. Рўзиев, ЎзА