Инсон ҳуқуқлари доимий ҳимояда
Мамлакатимизда барча соҳалар қаторида суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу маънода Президентимизнинг “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармонини алоҳида қайд этиш лозим.
Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган одил судловга оид стратегик мақсадларни изчил амалга ошириш бош мақсаддир.
Устувор йўналишлардан бирига кўра, “халқчил суд” – судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш белгиланди.
Шунингдек, “адолат қўрғони” – инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлашни назарда тутади.
“Кафолатланган адолат” – қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.
Фармонда белгиланган муҳим жиҳатлардан яна бири, бу “рақамли одил судлов” – суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш назарда тутилди.
Шунингдек, фармон билан суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар белгиланмоқда. Хусусан, 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдиксия ва маъмурий судлар йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судларни ташкил этиш назарда тутилган. Шу билан бирга, суд ҳужжатларини апелляция, кассация ва тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатларини қайта тақсимлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш белгиланган.
Жиноят процесси соҳасида ҳам суд назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьясига процессуал мажбурлов чораларини қўллаш масалаларини кўриб чиқишда ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, шахсга нисбатан гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асосларнинг етарлилигини текшириш ваколатларини бериш назарда тутилган.
Шунингдек, судларнинг “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари томонидан аҳолига зарур ахборотларни бир жойнинг ўзида тақдим этиш, процессуал мурожаатлар юзасидан ташкилий ёрдам кўрсатиш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий кўмаклашиш чоралари кўрилади.
Бир сўз билан айтганда, Фармонда белгиланган устувор йўналишлар халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шаҳноза Курбаниязова,
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси.