Ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бермаган мансабдор ёки ходим жавобгарликка тортилади
Кўп ҳолларда ўз вақтида эътибор қаратилмаган, тегишли тартибда рўйхатга олинмаган ва ҳуқуқий баҳо берилмаган ҳуқуқбузарликлар оғир ва аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аксинча, ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида хабар бериш эҳтимолий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Аммо амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаганлик учун аниқ ҳуқуқий таъсир чораси мавжуд эмас.
Шундан келиб чиқиб, “Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Ушбу ҳужжат ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек, фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган, — деди депутат С.Азимов. — Амалиётда айрим ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида ваколатли органларга ўз вақтида хабар берилмаслиги уларни аниқлаш ва тегишли ҳуқуқий чоралар кўришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, 2025 йилда 536 та эрта туғруқ ҳолати тегишли органлар томонидан “Е-материал” ахборот тизимида рўйхатга олинмаган ҳамда улар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмаган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 188⁵-модда киритилиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимлари томонидан ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бериш талабларини бузганлик учун жарима жазоси белгилаш назарда тутилмоқда, — деди депутат.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА