Сунъий интеллект йирик корхоналар фаолиятини қандай ўзгартиради?
Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши давлат иштирокидаги йирик корхоналар фаолиятини рақамлаштириш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш учун янги имкониятларни яратади.
Айни пайтда ушбу технологияларни амалиётга жорий этиш, улардан корхоналар фаолиятида самарали фойдаланиш ва рақамли ечимларни кенг татбиқ этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда "UzAssets" АЖ томонидан "Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда самарали сунъий интеллект ечимларини жорий этиш" мавзусида ўтказилган анжуманда айнан шу масалалар муҳокамасига кенг эътибор қаратилди.
Соҳа мутасаддилари, корхоналар раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этган тадбирда давлат иштирокидаги корхоналарда сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этиш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ҳамда замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича амалий таклиф ва ечимлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, йирик корхоналарнинг рақамли трансформациясига ягона ёндашувни шакллантиришга қаратилган Ягона трансформация платформаси тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “UzAssets” АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган мазкур платформа рақамли ташаббусларни тизимли амалга ошириш ва замонавий технологик ечимларни корхоналар фаолиятига жорий этишга хизмат қилади.
Тадбирда "UzAssets" АЖ департаменти директори Баҳодир Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, корхоналарда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, рақамли ечимларни амалиётга жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш масалаларига тўхталди.
Таъкидланганидек, сунъий интеллект соҳасидаги маҳаллий ва хорижий компаниялар, етказиб берувчилар ва ҳамкорлар томонидан тақдим этилаётган замонавий ечимларни корхоналар фаолиятига жорий этиш янги имкониятларни ишга солиш ва мавжуд жараёнлар самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Анжуманда ана шундай ечимлардан бири сифатида “Ўзбектелеком” АЖ томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллектга асосланган технологиялар тақдим этилди.
Тадбирда сўзга чиққан “Ўзбектелеком” АЖ вакили Владислав Камельяннинг маълум қилишича, компания телеком маълумотлари асосида скоринг, рақамли реклама, биноларни бошқариш ва сунъий интеллектга асосланган қатор ечимларни ишлаб чиқмоқда.

–Телеком маълумотлари асосидаги скоринг хизмати компанияларга муайян номзоднинг кредит ёки бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятини баҳолашда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, яқинда ишга туширилган “AdTech” платформаси сунъий интеллект асосида мижозларни сегментлаш, реклама жараёнларини автоматлаштириш ва бизнес учун энг мақбул аудиторияни аниқлаш имконини беради.
“Smart Business” платформаси ҳам яна бир муҳим ечим бўлиб, у биноларни 3D моделлаштириш ва бошқариш, ходимлар фаолияти, ёнғин хавфсизлиги ҳамда экологик ҳолатни ягона тизим асосида назорат қилишга кўмакчи бўлади. Сунъий интеллект ёрдамида бинодаги эҳтимолий муаммоларни аниқлаш ва улар ҳақида тезкор маълумот олиш мумкин.
Шунингдек, “AI Vision” ечими видеокузатув маълумотларини таҳлил қилиш, иш жараёнларини назорат қилиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини баҳолаш имконини беради. Компания томонидан “Uztelecom Ta’lim” платформаси ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган “Мобил котиб” лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда, – деди В.Камельян.
Тадбир якунида давлат иштирокидаги йирик корхоналарда сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА