Сунъий интеллект ва дата-марказ лойиҳаси амалга оширилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов Тахиатош туманида фаолият юритаётган “Linkwise” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳа билан танишди.
Мазкур лойиҳа сунъий интеллект (AI), катта маълумотлар (Big Data) ҳамда суперкомпютер тизимларини ташкил этишга қаратилган бўлиб, унинг умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи босқичда 700 миллион доллар инвестиция киритилиши ва қурилиш ишлари 2026 йилда бошланиши кўзда тутилган.

“Shanghai LinkWise Data Intelligence” компанияси – корхона ва давлат секторлари учун замонавий интеллектуал ҳисоблаш инфратузилмаси, сунъий интеллект технологиялари, катта маълумотлар базаси ҳамда юқори қувватли дата-марказлар ечимларини тақдим этувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, импорт ўрнини босувчи хизматлар ҳажмини йилига 200 миллион долларга етказиш, маҳаллийлаштириш даражасини 70 фоиздан 90 фоизга ошириш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Тахиатош тумани “Найманкул” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 14,6 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бугунги кунда қурилиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, қиймати 1,07 миллион АҚШ долларига тенг замонавий асбоб-ускуналар олиб келиниб, уларга божхона имтиёзлари қўлланилди.
Учрашув давомида Қорақалпоғистон Республикасида 300 МВт қувватга эга замонавий маълумотлар марказини ташкил этиш, қурилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда жорий йилнинг иккинчи чорагида дастлабки қувватларни ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, божхона йўналишида амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлиги билдирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.